“Вазиятлар маркази” фаолияти ўрганилди

172

Президентимизнинг 2025 йил 3 январдаги “2025 йилда республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тизими самарадорлигини янада ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси юзасидан “Маҳаллабай” ишлаш тизими самарали йўлга қўйилган.

Умумхалқ Наврўз байрами арафасида Қорақалпоғистон Республикаси прокурори Э.Таджиев, Ички ишлар вазири Б.Торебеков ва бошқа масъуллар Нукус шаҳар ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармасида бўлиб, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш юзасидан “вазиятлар маркази” фаолиятини ўрганди.

Нукус шаҳрининг аҳоли гавжум жойларига ўрнатилган видеокузатув камераларининг ишлаш ҳолати, тасвирнинг сифати ва бошқа параметрлар кўздан кечирилди. Назоратни кучайтириш ва фавқулодда ҳолатларнинг олдини олиш юзасидан ишларни жадаллаштириш борасида мутахассисларга тегишли тавсия ва топшириқлар берилди.

Шунингдек, шаҳардаги “Тунғиш қонис” маҳалла фуқаролар йиғинида маҳалла еттилигининг фаолияти ўрганилди. Ҳудудларда хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида шаҳар тажрибасини яратиш юзасидан шаҳар прокурори ва ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси бошлиғига қисқа муддатда қўшма қарор қабул қилиб, ижрога қаратиш топширилди.

Довуд Абибуллаев,

ЎзА мухбири