Шахмат: XVIII “Tashkent Open” халқаро турнири бошланди
Бугун, 20 март куни пойтахтимиздаги Халқаро шахмат академиясида Ўзбекистоннинг биринчи гроссмейстери Георгий Агзамов хотирасига бағишланган XVIII “Tashkent Open” халқаро турнирининг дастлабки тур ўйинлари бўлиб ўтади.
Ўн саккизинчи маротаба ташкил этилаётган турнирнинг бу йилги мукофот жамғармаси 75 минг АҚШ доллари этиб белгиланган. 10 турдан иборат турнирда иштирокчилар икки гуруҳда совринли ўринлар учун кураш олиб боради. “А” гуруҳида 1800 ва ундан юқори рейтинглилар, “В” гуруҳида рейтинги 1999 ва ундан паст шахматчилар қатнашмоқда.

“А” гуруҳида ҳиндистонлик Ниҳал Сарин (2687) биринчи рақам остида сараланган. Ёш гроссмейстеримиз Шамсиддин Воҳидов иккинчи рақамли шахматчи сифатида таснифланди. Бугун кунинг иккинчи яримида бошланадиган 1-тур баҳсида Сарин оқ доналарда ҳамюртимиз Беҳруз Умаров билан куч синашади. Терма жамоамиз аъзоси Шамсиддин Воҳидов дастлабки ўйинда қора доналарда Азамат Дауриметов билан баҳслашади.

Халқаро турнир мусобақалари 30 мартга қадар давом этади.
Т.Рўзиев, ЎзА