Дуатлон бўйича Ўзбекистон чемпионатини юқори савияда ўтказиш масаласи муҳокама қилинди
Жорий йилнинг 5 апрель куни Тошкентдаги “Янги Ўзбекистон» боғи ва унга туташ ҳудудларда триатлон спорт турининг дуатлон йўналиши бўйича ёшлар ҳамда ҳаваскорлар ўртасида Ўзбекистон чемпионати бўлиб ўтади.
Мазкур чемпионатни юқори савияда ташкил этиш, унинг ҳар жиҳатдан тартибли ўтишини таъминлаш мақсадида Спорт вазирлигида ташкилий қўмита йиғилиши ўтказилди.

Спорт вазири ўринбосари Ш.Маҳмудов раислигидаги йиғилиш давомида мусобақада республикамизнинг барча ҳудудларидан 250 нафар спортчи қатнашиши, уларнинг 150 нафари ёш спортчилар ҳамда 100 нафари ҳаваскорлар экани, беллашувлар 24 та медаллар жамламаси учун кечиши таъкидланди.
Йиғилишда тўртинчи бора ўтказилаётган дуатлон бўйича навбатдаги мусобақага спортчиларнинг иштирок этиши ва уларнинг хавфсизлигини таъминлаш борасида сўз юритилди.

Шунингдек, мусобақанинг юқори савияда ташкил этилиши юзасидан ҳар бир вазирлик ва идоралар вакилларига вазифалар белгилаб берилди.
Баҳсларни бошқариб боришда 35 нафар ҳакам иштирок этади. Бу, юртимизда ушбу спорт тури бўйича етук мутахассислар сафи йилдан йилга кенгайиб бораётганидан далолатдир.
Муҳокамалар давомида ҳар бир йўналиш бўйича масъулларнинг ҳисоботи тингланди. Дахлдор ташкилот ва идора масъулларга аниқ вазифалар берилди.
Т.Рўзиев, ЎзА