Талабалар ўртасида крикет мусобақаларини йўлга қўйиш мақсадида ҳамкорлик меморандуми имзоланди

163

«Лос-Анжелес-2028» ёзги Олимпия ўйинлари дастурига киритилган крикет спорт турини янада оммалаштириш, маҳоратли спортчиларни саралаш, зарур инфратузилмалар тизимини яратиш борасида тегишли ишлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, талаба-ёшлар ўртасида крикет мусобақаларини йўлга қўйиш мақсадида олий таълим муассасалари билан ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Tashkent Perfect university ва Ўзбекистон крикет федерацияси ўртасида имзоланган ҳамкорлик меморандумида ҳам айни масалаларга эътибор қаратилган.

– Юртимизда ушбу спорт турини оммалаштириш орқали келажакда мамлакатимиз крикет жамоасининг Олимпия ва Осиё ўйинларида қатнашишига етарли шарт-шароитлар яратиш олдимизда турган асосий вазифа саналади. Давлатимиз раҳбари Олимпиада баҳсларида якка кураш спорт турлари қатори ўйин спорт турлари бўйича ҳам ютуқларга эришиш лозимлиги борасида кўрсатмалар бериб ўтганди. Ушбу вазифа ва топшириқлардан келиб чиқиб, олий ўқув юртлари билан имзоланаётган ҳамкорлик меморандуми орқали крикет бўйича “Талабалар лигаси” мусобақаларини тизимли ташкил этиш, етук крикет мутахассисларини тайёрлаш ишларини янги босқичга олиб чиқиш назарда тутилмоқда, – дейди Ўзбекистон крикет федерацияси раиси Азиз Михлиев.

Маросим давомида крикет спорт турининг ички ва халқаро ҳамкорлик доирасидаги фаолияти, ушбу спорт тури орқали туризмга кенг йўл очиш истиқболлари юзасидан давра суҳбати ташкил этилди.

Т.Рўзиев, ЎзА