“Women’s Chess Championship” ғолиблари маълум

151

Самарқанд шаҳрида мукофот жамғармаси 50 минг АҚШ долларини ташкил этган аёллар ўртасидаги “Women’s Chess Championship” халқаро турнири ўз ниҳоясига етди.

14 давлатнинг 150 нафарга яқин шахматчи хотин-қизлари бош соврин учун курашган турнирда ФИДЕ рейтингида 1800 дан юқори бўлганлар “А” гуруҳда, рейтинги 2000 ва ундан паст даражадагилар “Б” гуруҳда дона сурди.

Кеча халқаро турнирнинг 9-тур ўйинлари бўлиб ўтди. “А” гуруҳида етакчиликка асосий даъвогарлар Шувалова – Шухман ва Боднарук – Сливичка учрашувлари кўпчиликнинг диққат-эътиборида бўлди.

Биринчи жуфтлик баҳсида муроса йўли танланган бўлса, иккинчи жуфтлик қарама-қаршилигидаги ўйинда польшалик Алися Сливичка қора доналарда ҳаракатланишига қарамасдан рақибини таслим этишга эришди. Айнан ушбу ғалаба Сливичка турнирдаги умумий очколари сони 7,5 тага етишини ва кучлилар курашида 1-ўринни қўлга киритишини таъминлади.

Совринли ўринлар шунингдек, 7 очколи Анна Шухман, 6,5 очколи Полина Шуваловага насиб этди.

Ҳамюртимиз Умида Омонова сўнгги турда иқтидорли ёш шахматчимиз Гулдона Каримовани доғда қолдирган ҳолда 6,5 очко билан қўшимча кўрсаткичларга кўра, 5-поғонадан жой олди.

Терма жамоамиз аъзоларидан Гулдона Каримова ва Афруза Ҳамдамова 5,5 очко билан 11-12-ўринларни, Нилуфар Ёқуббоева 5,5 очко билан 16-ўринни банд этди.

Халқаро турнирнинг “Б” гуруҳида 80 нафар хотин-қиз дона сўрган бўлса, улар орасида Ўзбекистон терма жамоаси аъзоларидан Мафтуна Маматқулова 8 очко билан ғолибликни қўлга киритди.

Робияхон Сардорова 7,5 очко билан 2-ўринни, 7 очколи Шаҳина Аҳмедова 3-ўринни эгаллади. Шунингдек, 6,5 очко жамғарган иқтидорли шахматчи-қизларимиздан Малика Жумаева, Азиза Турсунова, Гулхумор Нажмитдинова, Моҳинур Ҳикматхонова каби ёшларимиз кучли ўнликни банд этишди.

Т.Рўзиев,

ЎзА