Ўзбекистон – Қозоғистон ҳамкорлиги ривожланмоқда

125

“BMB HOLDING” Кузатув кенгаши раиси Бекзод Маматқулов Қозоғистоннинг Савдо ва интеграция вазири Арман Шаккалиев ҳамда Қозоғистон Республикасининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Бейбут Атамкулов билан учрашди.

Ушбу мулоқотда икки томонлама манфаатли ҳамкорликнинг устувор вазифалари белгилаб олинди.

Мазкур учрашувнинг асосий мавзуси савдо ва иқтисодий ҳамкорликнинг истиқболли йўналишларини ривожлантириш, ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини кенгайтириш ҳамда қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш каби долзарб масалалар бўлиб, мавжуд имкониятлардан тўлиқ фойдаланиш ва иқтисодий алоқаларни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш зарурлиги таъкидланди.

Мулоқот давомида саховатли Жиззах далаларида етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини “КазЭкспорт” тизими орқали Қозоғистон бозорига ва улгуржи тарқатиш тармоқларига етказиб бериш масаласига алоҳида эътибор қаратилди.

“BMB HOLDING” қозоғистонлик тадбиркорлар билан ҳамкорликда медиа марказ (ҲАБ) ташкил этиш ва Жиззах вилояти Шароф Рашидов туманидаги “BMB-NRC Agrologistics” мажмуаси орқали чуқур қайта ишланган маҳсулотлар ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини Қозоғистон бозорлари ва озиқ-овқат таъминот захирасига етказиб бериш имкониятлари кўриб чиқилди.

Бу эса фермерларимиз учун янги бозорлар эшикларини очиб, уларнинг даромадларини оширишга хизмат қилади.

Учрашув якунида тез кунларда Қозоғистон ишбилармонларидан иборат делегациянинг мамлакатимизга, хусусан, “BMB HOLDING” тизимидаги корхоналарга ташрифини амалга ошириш ва имкониятлар билан таништириш, ўз навбатида, Холдинг вакилларидан иборат делегация аъзоларининг Қозоғистонга хизмат сафарини ташкил этиш ҳамда ҳамкорлик шартномаларини имзолашга келишиб олинди.

Бу каби учрашувлар ҳар икки томоннинг ҳам иқтисодий манфаатларига хизмат қилади, Ўзбекистон – Қозоғистон минтақавий ривожланишига муҳим ҳисса бўлиб қўшилади ва ҳар икки томон ишбилармон ва тадбиркорлари учун янги имкониятлар эшигини очади.

А.Қаюмов, ЎзА мухбири