«Сиёсатчи аёллар клуби» ўз ишини бошлади

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг кичик мажлислар залида «Миллий тикланиш» демократик партияси Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши ҳузурида ташкил этилган «Сиёсатчи аёллар клуби»нинг очилиш маросими бўлиб ўтди.
Маросимда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, Халқ депутатлари шаҳар, туман Кенгашларига ушбу партиядан сайланган депутатлар, партиянинг Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши вакиллари, фахрийлар, «Аёллар қаноти» фаоллари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Тадбирни «Миллий тикланиш» демократик партияси Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши раиси Т.Романов олиб борди.
«Миллий тикланиш» демократик партияси Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши раисининг Хотин-қизлар ва ёшлар масалалари бўйича ўринбосари З.Тожихўжаева, Жўқорғи Кенгес депутати Н.Аметовалар «Хотин-қизларнинг сиёсий фаоллигини оширишнинг усул ва воситалари: МТДП ҚР Кенгаши фаолияти мисолида,» «Ўзбекистон Республикасида хотин-қизларнинг таълим олиш ҳуқуқи ва касбий ривожланиш имкониятлари» мавзуларидаги маърузалари билан сўзга чиқди. Шунингдек, тадбирда хотин-қизларни қарор қабул қилиш жараёнларига жалб этиш ва бошқарувда уларнинг ролини ошириш масалалари ҳам муҳокама қилиниб, фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Таъкидланганидек, хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларни бошқарувда қарорлар қабул қилиш жараёнига кенг жалб этиш, сиёсатчи аёлларни қўллаб-қувватлаш мақсадида партия қошида иккита тузилма, яъни «Аёллар қаноти» ва 2020 йилда «Депутат аёллар клуби» ташкил этилган эди. Ўтган давр мобайнида ушбу тузилмалар томонидан хотин-қизларнинг муаммоларини ўз вақтида аниқлаш, оғир аҳволга тушиб қолган хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг яшаш ва меҳнат шароитларини яхшилаш, оилага оид масалаларни ҳал этишнинг конструктив тизимини жорий этишга алоҳида эътибор қаратилди.
Хотин-қизларга оид 100 га яқин норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга таклифлар берилди. Ҳар бир депутат аёлга биттадан сиёсий фаол ёшлар «Устоз-шогирд» анъанаси асосида, жами 500 нафар талаба қизлар бириктирилиб, улар партия захирасига киритилди. Хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашга қаратилган манзилли ижтимоий-сиёсий, иқтисодий, маънавий ва маърифий лойиҳалар йўлга қўйилди.
Жумладан, партиянинг «Аёллар қаноти» ва «Депутат аёллар клуби» аъзолари томонидан ўтган даврда жами 1568 та сайёр қабул ўтказилди. Уларга 5607 киши қамраб олинди. Аёл-қизларга бевосита тегишли 1917 мурожаат бўлди. Соҳалар кесимида бандлик масалалари бўйича 448 та, банк кредити бўйича 180 та, соғлиқни сақлаш бўйича 1065 та, уй-жой масалалари бўйича 102 та мурожаат келиб тушиб, уларнинг 92 таси ижобий ҳал этилган. «Устоз-шогирд» анъанасини ривожлантириш, бандлиги таъминланмаган хотин-қизларни бепул касб-ҳунарга ўргатишга қаратилган «Хизмат-беминнат» лойиҳаси «Аёллар» қанотининг устувор лойиҳаларидан саналади. Депутат хотин-қизлар билан ҳамкорликда жами 91 та ўқув курси очилди. Уларга жами 478 нафар бандлиги таъминланмаган хотин-қизлар қамраб олиниб, касб-ҳунарга бепул ўқитилди, 102 нафари ўз тадбиркорлигини бошлади.
2024 йилги парламентга ва маҳаллий Кенгашларга бўлиб ўтган сайловларда Олий Мажлис Қонунчилик палатасига партиянинг Қорақалпоғистон Республикаси кенгашидан 1 нафар аёл, Олий Мажлис Сенатига 1 нафар аёл, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига 2 нафар аёл, Халқ депутатлари шаҳар, туман Кенгашларига 24 нафар аёл депутат этиб сайланди. Бугунги кунда партиянинг Қорақалпоғистон Республикасидаги аъзолари сони 51130 нафар бўлиб, шундан 47 фоизи хотин-қизлардан иборат.
Партия Марказий Кенгашининг 2025 йил 23 январдаги I Пленумида партия қуйи тузилмаларининг таклифларини инобатга олган ҳолда ташкилотнинг ташкилий тузилмасига ўзгартириш киритилиб, «Депутат аёллар клуби» нафақат аёл депутатларни бирлаштирибгина қолмай, балки унинг таркиби ва мақсад-вазифалари кенгайтирилиб, унинг мақоми янгиланди ва бу тузилма «Сиёсатчи аёллар клуби»га ўзгартирилди.
Клуб эндиликда нафақат вакиллик органларидаги аёл депутатларни, балки фахрийлар ва собиқ депутатларни, сиёсатга қизиқувчи барча аёлларни қонун ижодкорлиги жараёнларига бевосита жалб этадиган чинакам сиёсатчи аёлларнинг маҳорат мактабига айланади.
– Клуб ўз фаолиятида партиянинг 2025-2029 йилларга мўлжалланган Сайловолди дастуридан келиб чиққан ҳолда қуйидагиларга ўз эътиборини қаратади. Яъни, тўй ва оилавий маросимларни тартибга солишга қаратилган Қонун бўйича ташаббус кўтариш, талаба оналарнинг фарзандлари учун олий таълим муассасалари қошида махсус болалар хоналари ёки боғчалар ташкил этиш, фарзанд кўрган аёлларга бола уч ёшга тўлгунга қадар ҳақ тўланадиган «Оналик таътили» бериш тизимини жорий этиш ва бошқа шу каби муҳим вазифалар ижросини таъминлашда «Аёллар қаноти» ва «Сиёсатчи аёллар клуби» аъзоларининг ўзаро ҳамкорлигини йўлга қўйишдан иборат, – дейди З.Тожихўжаева.
Шу билан бирга, клубимизнинг Низоми ишлаб чиқилган бўлиб, Низом «Миллий тикланиш» демократик партиясининг Сайловолди дастурида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида партиядан вакиллик органларига сайланган депутат хотин-қизлар, «Аёллар қаноти» фаоллари, бошланғич партия ташкилотларидаги раҳбар хотин-қизлар ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Ёшлар парламентига аъзо хотин-қизларнинг ҳамкорлигини йўлга қўйиш ва уларнинг фаолияти самарадорлигини ошириш доирасида ишлаб чиқилган.
Тадбир давомида депутат хотин-қизлар томонидан фикр-мулоҳазалар билдирилиб, келгусида клуб фаолиятини янада ривожлантириш бўйича таклифлар билдирилди. Бунда барча даражадаги партия ташкилотлари ва депутатлик бирлашмалари миқёсида, тегишли ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда бундан буён ҳам давом эттириш зарурлиги таъкидланди.





Тадбир якунида партия «Аёллар қаноти» фаоллари эсдалик совғалари билан тақдирланди ва тадбир иштирокчиларини Жўқорғи Кенгес фаолияти билан таништириш мақсадида саёҳат ташкил этилди.
А.Жийемуратов,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги