Маҳаллаларда мансабдорларнинг ҳисоботлари эшитилмаган

22 март – Маҳалла тизими ходимлари куни. Шу муносабат билан Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Демократик институтлар ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш масалалари қўмитаси ва Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси билан ҳамкорликда “Маҳалла институтининг жамиятдаги ролини мустаҳкамлашда парламентнинг ўрни” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.
Давра суҳбатида маҳалланинг жамиятдаги ўрни ва ролини ошириш борасидаги ислоҳотлар ҳақида сўз борар экан, маҳаллаларнинг моддий-техника таъминоти хатловдан ўтказилиб, 252 тасига янги бино қурилгани, 471 таси таъмирлангани, 59 таси реконструкция қилингани айтиб ўтилди. 2 минг 755 тасининг моддий-техникаси яхшиланиб, 9 минг 452 нафар маҳалла раисига планшет берилган. “Маҳалла еттилиги” фаолияти учун “Рақамли маҳалла” платформаси жорий этилиб, 40 дан ортиқ давлат органлари платформалари билан интеграция қилинди.

Маҳаллаларни ишсизлик, камбағаллик, оилавий ажримлар, миграция ва жиноятчиликдан холи ҳудудга айлантириш мақсадида 9 минг 452 та маҳалла, 208 та туман ва шаҳар, 14 та ҳудуд, шунингдек, республика “Омбор дафтари”лари шакллантирилди.
Қайд этилганидек, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси ҳамкорлигида соҳага оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижроси таъминланмоқда.

Шунингдек, давра суҳбатида қўмита томонидан “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги қонуннинг14-моддаси ижроси юзасидан Тошкент, Сирдарё ва Жиззах вилоятлари мисолида назорат-таҳлил тартибида ўрганишлар якунлари ҳам кўриб чиқилди.
Ўрганишларда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан давлат органлари мансабдор шахсларининг ҳисоботлари ва ахборотини эшитиш қонун талаблари асосида амалга оширилмаётгани аниқланган. Шу билан бирга, Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси томонидан 2024 йилнинг ноябрь ойида давлат органлари мансабдор шахсларининг ҳисоботлари ва ахборотини эшитиш бўйича республика миқёсида кўргазмали онлайн семинарлар ташкил этилганига қарамай, айрим маҳаллалар томонидан ушбу тадбирлар давом эттирилмаган.
Муҳокамаларда депутатлар томонидан бир қатор таклиф-тавсиялар берилди ва бу соҳада самарали парламент назоратини таъминлашга келишиб олинди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА