Ўзбекистон ва Қатар: савдо-иқтисодий ва инвестициявий соҳаларда ҳамкорлик лойиҳалари кенгайтирилади

190

Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Норбоева Қатар давлатининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Ҳасан Ҳамза Асад Муҳаммад Ҳошим билан учрашди.

Мулоқот давомида Ўзбекистон ва Қатар ўртасидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва уни янада ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди.

Хусусан, сиёсий, савдо-иқтисодий ва инвестициявий соҳаларда ҳамкорлик лойиҳаларини кенгайтириш ҳамда парламентлараро алоқаларни мустаҳкамлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Қатар давлати Маслаҳат кенгаши билан парламентлараро дўстлик гуруҳини фаоллаштириш, ҳудудий кенгашлар билан мулоқотларни йўлга қўйиш юзасидан фикр алмашилди.

Томонлар пойтахтимизда бўлиб ўтадиган Парламентлараро иттифоқнинг 150-юбилей ассамблеяси доирасида Қатар Маслаҳат кенгаши вакиллари билан самарали мулоқотларни ташкил этишга келишиб олди.

Учрашув якунида Ўзбекистон ва Қатар ўртасида кенг қамровли ўзаро муносабатларни ривожлантириш муҳимлиги таъкидланди.

Н.Абдураимова, ЎзА