Давлатга сотиш орқали йилига 7-10 миллион сўм даромад

Муқобил энергия манбаларидан фойдаланиш олис ҳудудларда ҳам кенг жорий этилмоқда
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 16 февралдаги қайта тикланувчи энергия манбаларини ва энергия тежовчи технологияларни жорий этишни жадаллаштириш тўғрисидаги қарори билан жойларда қуёш панелларини ўрнатиш ишларини мувофиқлаштириш вазифаси божхона органларига бириктирилган. Мазкур йўналишда Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармасида тузилган ишчи гуруҳ вакиллари Элликқалъа туманидаги тўқимачилик корхонасига ўрнатилган қуёш панелларини жойига чиққан ҳолда ўрганди.
Фаолияти бевосита электр энергияси билан боғлиқ ҳамда унга талаби юқори бўлган мазкур корхона ҳозирда 50кВт/соат қувватдаги қуёш панелларини ўрнатган. Бунинг натижасида қишнинг охирги ойларида электр энергиясига тўлаётган пулидан 5-6 миллион сўм миқдорида иқтисод бўлишига эришилган. Ўлкамизга қуёшли кунларнинг кириб келаётганлиги инобатга олинса, бу кўрсаткич янада ўсиши турган гап.
Таъкидлаш жоизки, жойларда ўрнатилаётган қуёш панелларининг статистикасини юритиш, ҳаққонийлигини текшириш мақсадида Божхона қўмитаси томонидан “Яшил энергия” ахборот тизими жорий этилган бўлиб, божхона ходимлари томонидан жойига чиққан ҳолда ўрганилган объектларнинг маълумотлари тизимда тасдиқланади.
Шу кунга қадар Қорақалпоғистон Республикасида жами 23446та тадбиркорлик субъектларига 15,43 МВт (мегаватт), 4929та аҳоли хонадонларига 15,13 МВт қувватдаги, 1136та ижтимоий объект ва давлат идораларига 14,93 МВт қуёш панеллари ўрнатилган. Умумий ҳисобда ҳудудда бугун соатига 45МВт электр энергиясини муқобил энергия манбалари ишлаб чиқармоқда.
Элликқалъа тумани Бўстон шаҳри Иқбол маҳалласида истиқомат қилувчи Шерзод Атамуратов хонадонига 6 кВт қувватдаги қуёш панелларини ўрнатган. Оилавий эҳтиёжи суткасига ўртача 20 кВтни ташкил этувчи хонадон, эҳтиёжини қуёш панеллари ҳисобига тўлиқ қопламоқда. Эҳтиёжидан ортган энергияни эса тармоққа йўналтириб, давлатга сотиш орқали йилига 7-10 миллион сўм миқдорида даромад ҳам қилмоқда.


Муқобил энергия манбаларининг амалиётга кенг жорий этилиши давлатимизда энергия тақчиллигининг олдини олишга хизмат қилиб, қўшимча даромад манбаига ҳам айланмоқда. Бу эса ўз навбатида, малакатимиз иқтисодиёти барқарорлашуви ва ўсиш суръатларининг қайд этилишига имкон яратади.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги