Элликқалъада Наврўз байрами тантаналари бўлиб ўтди

Наврўз умумхалқ байрами муносабати билан жойларда байрам тадбирлари кўтаринки руҳда ўтказилмоқда. Шундай байрам тадбири Элликқалъа туманидаги марказий амфитеатрда ҳам бўлиб ўтди.
«Қадриятларинг боқий бўлсин, Наврўз!» шиори остида ўтказилган байрам тантаналари доирасида дастлаб йиғилганлар туман ҳокими В.Ниязимбетов раҳбарлигида маҳалла ва ташкилотлар томонидан тайёрланган миллий руҳдаги кўргазмалар билан танишди,- деб маълумот беради Элликқалъа тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати бўлими.
Элликқалъа тумани марказидаги амфитеатр ёнидаги экин майдонига «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида мевали дарахт кўчатлари экилди.
Туман ҳокими В.Ниязимбетов байрам концерт дастури бошланишидан олдин, Наврўз айёми билан халқни табриклаб, энг яхши тилакларини йўллади.
Шунингдек, туман ҳокими фаол маҳалла раисларига ташаккурнома ва қимматбаҳо совғалар топширди.
Эл суйган санъат усталарининг чиқишлари, баҳор таомлари, миллий ва ҳунармандчилик маҳсулотлари кўргазмалари, театр жамоалари, турли ансамбллар ва кичик болалар, фольклор жамоаларининг чиқишлари байрам тантаналарига ўзгача файз бағишлади.

Туман ҳокимлиги ташаббуси билан тумандаги фаол хотин-қизлар томонидан тайёрланган сумалак, корхона-ташкилот, муассаса ва таълим даргоҳлари томонидан намойиш этилган миллий ва баҳорий таомлар кўргазмалари, безатилган ўтов ва байрам дастурхони юртимиздаги тўкин-сочинлик, файз-бараканинг рамзи бўлди.
Саил кўринишида бўлиб ўтган байрам тадбири ёш рассомларнинг расм чизиши, қушлар сайили, дарбоз ўйинлари, китоб ярмаркаси, шеърият мулкининг энг сара намуналаридан айтишувлар айтган ёшларнинг тадбирлари билан янада кўркамлашди.
Наврўз турли миллат вакилларини бирлаштирган, қадриятлар байрами. Кўп миллатли Ватанимизда яшаётган ўзбек, қорақалпоқ, қозоқ, туркман миллатига мансуб миллий анъаналар акс эттирилди.
Байрам тантаналари туманнинг барча ҳудудларида давом этмоқда.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги