Академик талаба ёшлар билан суҳбатлашди

Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтида Т.Н.Қори Ниёзий номидаги Ўзбекистон Педагогика фанлари илмий-тадқиқот институти директори, академик Холбой Ибраимов билан учрашув бўлиб ўтди,-деб хабар қилмоқда НДПИ матбуот хизмати.

Дастлаб академик институтдаги Ажиниёз музейида бўлиб, бу ердаги экспонатлар билан танишди. Шундан сўнг институтда ёшларнинг ўқиши, билим олиши, назарий билимларини мустаҳкамлаши учун яратилган шароитларни кўздан кечириб, лабораториялар, ахборот-ресурс ва ИТ-инкубация марказлари фаолияти билан танишди.
Тадбир “Академик ва ёшлар” мавзусидаги учрашув билан давом этди.

Унда сўзга чиққанлар мазкур тадбир илмий, ижтимоий ва маданий соҳаларда фикр алмашиш, тажриба ва билимларни бўлишишда муҳим аҳамиятга эга эканлигини таъкидлаб, академик ва ёш тадқиқотчилар, талабалар ўртасида мулоқот ўрнатишнинг самарали усули эканлигига алоҳида тўхталди.

Дарҳақиқат, бундай учрашувлар ёшларнинг илмий салоҳиятини ошириш, уларни илм-фан, технология, инновация ва ижтимоий ривожланиш соҳаларидаги янгиликлар билан таништиришда муҳим аҳамиятга эга. Учрашувда академик Холбой Ибраимов ёшларга ўз тажрибалари ҳақида сўзлаб бериб, уларга илм йўлида ўз ўрнини топиши учун маслаҳатлар берди.

Шундан сўнг академик институт профессор-ўқитувчилари ва институт атрофидаги маҳалла фуқаролар йиғинлари аҳолиси билан суҳбатлашиб, улар билан илмий-тадқиқот ишлари билан бирга ижтимоий масалалар, экология, барқарор ривожланиш каби долзарб масалалар бўйича ҳам фикр алмашилди.

Ўтказилган учрашувлар давомида академик ёшларга, профессор-ўқитувчилар ва маҳаллалар аҳолиси бўлган кексаларга китоблар совға қилди.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги.