«Ақлвой» автобуси Мўйноқ туманида

308

Аввал хабар берганимиздек, мобил малака ошириш хизматлари асосида ташкил этилган автобус республикамизнинг олис ва чекка ҳудудларида жойлашган мактабгача таълим ташкилотларининг педагог кадрлари учун ўз хизматини бошлади.

Ушбу махсус автобус Мўйноқ туманидаги олис Ҳоким ота овул фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган 15-сонли давлат мактабгача таълим ташкилоти ва «Нурмуғамбетова Майна» оилавий мактабгача таълим ташкилотларига бориб, бу ердаги педагогларга ўзлари яшайдиган ва ишлайдиган жойларидан узоқлашмаган ҳолда узлуксиз касбий ривожланиши, билимларини янгилаши учун имконият яратилди.

Мобил малака ошириш курсида методик маҳорат куни дастури асосида мавзулар белгиланган, масалан «Гўзал баҳор» мавзусида, эрта ёшдан болаларнинг расм чизиши, расм чизишда қўлланиладиган усул ва технологиялар ҳақида тушунча бериш, «Мавсумий ўзгаришлар» мавзусида соҳалар асосида мақсадларни белгилаш, мавзудаги мақсадларни амалга ошириш усуллари, технологиялари, таълим фаолиятида фойдаланиладиган кўргазмали ва тарқатма воситалар, «Халқ манбалари» мавзусида болаларни миллий қадриятлар, анъаналар асосида ривожлантиришнинг самарали усулларини ўргатиш ва бошқа шу каби муҳим вазифалар белгиланган.

Маълумот учун, мобил малака ошириш хизматлари аудитория кўринишидаги қайта жиҳозланган автобус негизида ташкил этилган бўлиб, бу автобус бир вақтнинг ўзида 14 педагогга дарс ўтиш учун ўқув жойлари, 10 NR маркали ноутбук, 1 дона 65 дюймли интерактив монитор, ёзув доскаси, 1 интернет тарқатувчи қурилма WI FI роутер билан қайта жиҳозланган.



Бу автобусдан олис ва чекка ҳудудларда яшовчи давлат ва хусусий мактабгача таълим ташкилотлари педагог кадрлари учун мобил малака ошириш хизматларини кўрсатиш, яъни узлуксиз касбий ривожлантириш («методик маҳорат куни» ва «методик маҳорат дарси») тадбирларини тегишли ҳудудларга борган ҳолда ўтказиш, тренинг, семинар ва бошқа тадбирларни ташкил этиш мақсадида фойдаланилади.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги