Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг бешинчи ялпи мажлиси тўғрисида АХБОРОТ
18 март куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг бешинчи ялпи мажлиси ўз ишини давом эттирди.
Унда Сенат, ҳукумат аъзолари, вазирлик ва идораларнинг вакиллари, маҳаллий Кенгашларнинг депутатлари, Сенат ҳузуридаги Ёшлар парламенти аъзолари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашди.
Видеоконференцалоқа тарзида ўтказилган ялпи мажлисни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Норбоева олиб борди.
Ялпи мажлис Сенатнинг YouTube тармоғидаги саҳифаси орқали тўғридан-тўғри ёритиб борилди.
Ялпи мажлиснинг иккинчи иш куни сенаторлар томонидан дастлаб “Ўзбекистон Республикасининг Евроосиё тараққиёт банкини таъсис этиш ҳақидаги Битимга (Остона, 2006 йил 12 январь) қўшилиши тўғрисида”ги қонунни кўриб чиқишдан бошланди.
Битимнинг асосий мақсади – инвестиция фаолияти орқали унга қўшилган иштирокчи давлатларнинг иқтисодий ўсишига ва улар ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтиришга кўмаклашишдир.
Мазкур ҳужжатга кўра, ушбу банк ўз фаолиятини халқаро шартномалар, халқаро ҳуқуқ, умумэътироф этилган банк фаолияти тамойиллари ва меъёрларига мувофиқ амалга ошириши, шунингдек, Банк низоми ушбу Битимга илова қилинган ҳолда тасдиқланиши назарда тутилган.
Шунингдек, Банк Низомида Евроосиё тараққиёт банки фаолияти, мақсад ва вазифалари, функциялари, имтиёзлари, устав капитали ва унга обуна бўлиш шартлари ҳамда Банк бошқарувига оид тартиб-қоидалар белгиланган.
Бундан ташқари, Евроосиё тараққиёт банки иштирокчи давлатларнинг иқтисодиёти ва молиявий бозорлари ҳолати, уларнинг инвестиция имкониятлари, пул-кредит ва валюта муносабатлари, банк ва валютани тартибга солиш соҳасидаги қонунчилик нормалари тўғрисидаги маълумотларни тўплаши, тизимлаштириши ва таҳлил қилиши белгиланмоқда.
Қонуннинг қабул қилиниши Ўзбекистоннинг Евроосиё тараққиёт банкига аъзо бўлиши учун ҳуқуқий асос яратишга, унинг фаолияти доирасида тўлиқ ва самарали иштирок этиш ҳуқуқини таъминлашга, шунингдек, Банкка аъзо давлатларнинг иқтисодий ўсишига кўмаклашишга, савдо-иқтисодий алоқаларини кенгайтириш ва инвестиция фаолияти орқали Евроосиё ҳудудида интеграция жараёнларини ривожлантиришга хизмат қилади.
Муҳокама якунида сенаторлар томонидан қонун маъқулланди.
Ялпи мажлис давомида “Ўзбекистон Республикаси билан Қирғиз Республикаси ўртасида озодликдан маҳрум этилган шахсларни жазони ўташни давом эттириш учун топшириш тўғрисидаги Шартномани (Тошкент, 2024 йил 18 июль) ратификация қилиш ҳақида”ги қонун кўриб чиқилди.
Шартноманинг асосий мақсади маҳкумлар жазони ўз фуқаролиги бўлган давлатда, яъни ўз Ватанида, оиласи яқинида ўташ имкониятини яратишга қаратилган. Шартномада жазо муддатини ўтаётган маҳкумларни ҳукмни ижро этиш учун ўз давлатига топшириш асослари, шартлари ҳамда тартиблари аниқ кўрсатиб ўтилган.
Шунингдек, мазкур ҳужжатда маҳкумни топшириш билан боғлиқ харажатлар, низоларни ҳал қилиш, икки томонлама алоқа тиллари, Шартномага ўзгартириш киритиш ҳамда унинг кучга кириши каби муҳим масалалар ўрин олган. Шартномада Ўзбекистон ва Қирғизистон бош прокуратуралари томонларнинг марказий органлари этиб белгиланган.
Қайд этилганидек, мазкур Шартноманинг ратификация қилиниши маҳкум ўзига белгиланган жазони ўз давлатида ўташини давом эттиришини таъминлаш орқали уни ижтимоий реабилитация қилишни жадаллаштириш имконини беради.
Шубҳасиз, маҳкумларнинг жазони ўз давлатида ўташи уларга яқин қариндошлари билан мунтазам кўришиб туриш имкониятини бериш билан бирга маҳкумларнинг оилавий муносабатларига ижобий таъсир қилади ҳамда уларнинг ижтимоий ҳаётга мослашувини тезлаштиради.
Муҳокама якунида сенаторлар томонидан қонун маъқулланди.
Шундан сўнг ялпи мажлисда Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)нинг 2024 йилдаги фаолияти тўғрисидаги маърузаси (ҳисоботи) кўриб чиқилди.
Таъкидланганидек, Омбудсман институти 2024 йилда янги конституциявий қоидалар асосида инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари тўғрисидаги қонунчиликка риоя этилиши устидан таъсирчан парламент назоратини олиб бориш, соҳага оид миллий қонунчилик ҳамда миллий превентив механизмни такомиллаштириш, халқаро ҳамкорликни ривожлантириш, шунингдек, фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини оширишда бир қатор ишларни амалга оширган.
Сенатнинг 2024 йил 30 мартдаги тегишли қарори ижроси юзасидан такрорий мурожаатларнинг олдини олиш чоралари кўрилиши натижасида бу борада ижобий натижаларга эришилди. Такрорий мурожаатлар сони 2024 йилда 3 077 тани ташкил қилиб, олдинги йилга нисбатан 21 тага камайган.
Аҳолининг инсон ҳуқуқ ва эркинликлари соҳасидаги ҳуқуқий онг ва маданиятини ошириш мақсадида “Омбудсман мактаби” лойиҳаси доирасида мамлакатимизнинг 86 та туман ва шаҳарларида тарғибот тадбирлари ўтказилган. Ўтган йили оммавий ахборот воситаларида Омбудсман фаолиятига оид 4 мингдан ортиқ чиқиш ташкил этилган.
Лекин ялпи мажлисда эътибор қаратилиши лозим бўлган айрим камчилик ва муаммолар ҳам кузатилаётгани таъкидлаб ўтилди.
Хусусан, 2024 йилда Омбудсманга келиб тушган мурожаатлар сони (23 422 та) 2023 йилга нисбатан 4 800 тага ёки 25 фоизга ортган.
2024 йилда Омбудсманга йўлланган мурожаатлар кесимига эътибор берилса, жами мурожаатларнинг 31,8 фоизини ижтимоий ҳуқуқ йўналишидаги мурожаатлар ташкил этиши ва бу кўрсаткич 2023 йилга нисбатан 82 фоизга ошгани маълум бўлади.
Хотин-қизлар ҳуқуқларининг чекланиши, оилада аёлнинг таҳқирланиши, оиладаги тинчликни таъминлаш ва зўравонликнинг олдини олиш масаласида 294 та мурожаат келиб тушиб, олдинги йилга (133 та) нисбатан 121 фоизга кўпайган.
Шунингдек, Омбудсманнинг минтақавий вакилларига ушбу орган котибиятидан ҳамда фуқаролардан тўғридан-тўғри 3 857 та мурожаат келиб тушган. Бу қабул қилинган жами мурожаатларнинг атиги 16,4 фоизини ташкил этган.
Муҳокамалар давомида қонунчиликда белгиланган таъсир чораларидан самарали фойдаланиш, мурожаатларни энг кўп келиб тушган ҳудудлар кесимида ўрганиш, ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларда яратилган шарт-шароитлар ва у ерда сақланаётган шахсларнинг муаммолари билан яқиндан танишиш мақсадида мониторинг ташрифлари самарадорлигини ошириш, минтақавий вакилларнинг қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллашнинг олдини олиш бўйича фаолиятини такомиллаштириш юзасидан тегишли вазифалар белгиланди.
Ушбу масала якуни бўйича Сенатнинг тегишли қарори қабул қилинди.
Шунингдек, ялпи мажлисда Бола ҳуқуқлари бўйича вакилнинг бола ҳуқуқлари тўғрисидаги қонунчиликка давлат органлари томонидан риоя этилиши ҳолати ҳақидаги маърузаси эшитилди.
Таъкидланганидек, 2024 йилда Бола ҳуқуқлари бўйича вакил номига Ўзбекистон Республикаси ва хорижий давлатлар фуқаролари ҳамда омбудсманлари, жамоат ташкилотлари ва бошқа юридик шахслардан 1064 та мурожаат келиб тушган. 2023 йилга нисбатан солиштирганда ушбу кўрсаткич 2,4 бараварга ошган.
Ўтган йили Бола ҳуқуқлари бўйича вакил ва унинг котибияти ходимлари томонидан бола ўз ихтиёри билан чиқиб кета олмайдиган муассасаларга мониторинг шаклидаги жами 31 та ташриф амалга оширилган. Шу даврда улар 46 та фуқаролик, жиноят ва маъмурий ишлар юзасидан судларда кузатувчи сифатида иштирок этган.
Қайд этилишича, Бола ҳуқуқлари бўйича вакил номига келиб тушган мурожаатларни ўрганиш ҳамда бола ҳуқуқлари соҳасидаги қонунчиликда мавжуд муаммолар таҳлили натижасида давлат органлари ва ташкилотларга 40 та таҳлилий ахборот киритилган ҳамда мутасадди идоралар билан ҳамкорликда 3 та қонун лойиҳаси ишлаб чиқилган.
Мурожаатлар таҳлили ва мониторинг фаолияти асосида давлат органлари томонидан бола ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилишига йўл қўйилганлиги юзасидан таъсир чоралари орқали муносабат билдирилган. Бунда бола ҳуқуқлари бўйича вакил томонидан жами 36 та огоҳлантириш, тақдимнома, хулоса ва суд ҳужжати устидан протест келтириш тўғрисида илтимосномалар киритилган.
Маърузада таъкидланганидек, мурожаатларни ўрганиш натижасида аниқланган болаларга нисбатан содир этилган зўравонлик ҳолатлари юзасидан 14 та жиноят иши ҳамда 18 та маъмурий иш қўзғатилган.
Таълим муассасаларида болага жисмоний зўравонлик қилганлиги ҳамда ўз касбий фаолиятига совуққонлик билан қараганлиги учун 7 нафар ходим маъмурий жавобгарликка тортилган.
Болаларга нисбатан қилган қўпол хатти-ҳаракатлари учун 22 нафар ходимга нисбатан интизомий жазо қўлланилган.
Шунингдек, интернет тармоғи мониторинги давомида аниқланган ўғил-қизлар ҳуқуқларининг бузилишига оид 83 та ҳолат мутасадди давлат органлари билан ҳамкорликда текширилиб, болаларга нисбатан содир этилган зўравонлик ҳолатлари юзасидан 15 та жиноят иши ҳамда 9 та маъмурий иш қўзғатилган.
Бундан ташқари, “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари билан ҳамкорликда 87 та ҳолат юзасидан ҳудудлардаги боланинг ижтимоий психологик вазияти баҳоланиб, 11 нафар болага васий ёки ҳомий тайинланиши таъминланган.
Бола ҳуқуқлари бўйича вакил номига мурожаатлар ва ҳамкор ташкилотларнинг сўровлари асосида хорижда ота-онаси қарамоғидан маҳрум бўлган 52 нафар боланинг Ўзбекистонга қайтарилишига эришилган.
Ўз фаолияти юзасидан очиқ ва шаффоф тарзда ахборот бериш мақсадида Болалар омбудсманининг ижтимоий тармоқларда расмий саҳифалари йўлга қўйилган, “Bolalarvakili.uz” расмий веб-сайти ишга туширилган.
Муҳокамалар ниҳоясида маърузани кўриб чиқиш якунлари юзасидан Сенат қарори қабул қилинди.
Бундан ташқари, ялпи мажлисда 2030 йилга қадар Ўзбекистон Республикасида гендер тенгликка эришиш стратегиясини 2025 йилда амалга ошириш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастурини тасдиқлаш масаласи кўриб чиқилди.
Ялпи мажлисда гендер тенгликни таъминлаш, аёлларнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётдаги ролини ошириш борасидаги ишлар юзасидан маълумот берилди.
Таъкидланганидек, ўтган вақт давомида хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлашга, хотин-қизларнинг иқтисодий ва ижтимоий шароитларини яхшилашга қаратилган 14 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинди.
Давлат бошқарув академияси томонидан давлат фуқаролик хизматчиларининг билим ва касбий кўникмаларини ривожлантиришга қаратилган ўқув дастурлари доирасида 827 нафар хотин-қиз ўқитилди.
Австрия, Чехия, Латвия, Туркия, Корея, Хитой ва Японияда 30 дан ортиқ раҳбар аёлларнинг турли йўналишда малакаси оширилди.
Хотин-қизларнинг сиёсий фаоллигини оширишга қаратилган “Сиёсатчи аёл”, “Ишбилармон аёл” кўрик-танловлари, “Депутат ва ёшлар”, “Сиёсатга марҳамат”, “Лидерлар онлайн мактаби”, “Мен муваффақиятли аёлман”, “Мен лидер аёлман”, “Мен депутат бўламан” мавзуларида сиёсий партиялар томонидан тадбирлар ўтказилди.
2024 йилда ўтказилган сайловлар натижасида хотин-қизлар улуши Сенатда қарийб 27 фоизга, Қонунчилик палатасида 38 фоизга, маҳаллий Кенгашларда 32,5 фоизга етди.
“Ел-юрт умиди” жамғармаси стипендиялар квотаси доирасида бакалавриат ва магистратура таълим йўналишига хотин-қизлар учун 30 тадан қўшимча ўрин ажратилди. Шунинг ҳисобидан 148 нафар хотин-қиз хорижий олий таълим ташкилотларида ўқиш учун Жамғарма стипендиясини қўлга киритди.
Бу борада олиб борилаётган тизимли чора-тадбирлар халқаро ҳамжамият томонидан ҳам кенг эътироф этилди. Жаҳон банки индексида Ўзбекистон гендер тенглик соҳасида дунёдаги энг тез ривожланаётган 5 та мамлакат қаторида қайд этилди. Гендер тенглик ва бошқарув индексида (GEGI) Ўзбекистон 51 та поғонага кўтарилиб, 52-ўринни эгаллади.
Шунингдек, ялпи мажлисда мақсадли кўрсаткичлар ижроси муддати ортда қолганлиги танқидий муҳокама қилиниб, тегишли вазирлик ва идораларга кўрсатмалар берилди.
Хотин-қизларнинг иқтисодий фаоллигини кенгайтириш, меҳнатга ҳақ тўлашда тафовутни камайтириш, уларни юқори даромадли молия, ахборот технологиялари соҳасига кенг жалб қилиш, давлат корхоналарининг ижро органлари, шу жумладан, директорлар кенгаши ва кузатув кенгашларининг таркибида хотин-қизлар улушини ошириш, гендер тенгликни таъминлашга оид турли стереотипларнинг олдини олиш ва унга оид меъёрларни аҳоли орасида кенг тарғиб қилиш қамровини кенгайтириш зарурлиги айтиб ўтилди.
Ялпи мажлисда 2030 йилга қадар Ўзбекистон Республикасида гендер тенгликка эришиш стратегиясини 2025 йилда амалга ошириш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури қабул қилинди.
Мазкур дастурда хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлашга қаратилган қонунчилик асосларини такомиллаштириш борасида халқаро стандартларни жорий қилиш, давлат хизматидаги хотин қизларнинг сиёсий-ҳуқуқий салоҳиятини ошириш, табиий фанлар, технологиялар, техник ижодкорлик, математика йўналишларида ўқишни истаган хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг илмий ва стартап ғояларини рўёбга чиқариш кўникмаларини шакллантириш, уларни илмий-инновацион фаолиятга кенг жалб этиш каби масалалар ўрин олди.
Сенаторлар дастур миллий ва халқаро мажбуриятларни бажаришга кўмаклашишга хизмат қилишини таъкидлаб, унда белгиланган вазифалар, тадбирларни ўз вақтида амалга ошириш ҳамда бу борадаги ишларни кучайтириш муҳимлиги юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.
Мазкур масала юзасидан Сенатнинг тегишли қарори қабул қилинди.
Шу билан бирга, ялпи мажлисда юқори палатанинг 2024 йил 10 июлдаги тегишли қарори билан ўзини ўзи банд қилиш тартибида меҳнат фаолиятини амалга оширишнинг айрим масалалари юзасидан Вазирлар Маҳкамасига юборилган парламент сўрови натижалари кўриб чиқилди.
Таъкидланганидек, Солиқ кодексининг 408-моддасида назарда тутилган шу тоифадаги шахслар томонидан тўланадиган ижтимоий солиқ ҳисобот йилининг 1 декабригача амалга оширилишига оид норма қайта кўриб чиқилди ва бу муддат 31 декабрга қадар этиб белгиланди.
Бу имтиёзлар “Солиқ ва бюджет сиёсатининг 2025 йилга мўлжалланган асосий йўналишлари қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонунда ўз ифодасини топди.
Иш стажига эга бўлмоқчи бўлган ва ўзини ўзи банд қилган фуқаролар учун ижтимоий солиқни тўлаш муддатининг 31 декабрга қадар узайтирилиши бир қатор қулайликларни яратади. Жумладан, ушбу тартиб асосида меҳнат билан банд шахслар базавий ҳисоблаш миқдорида 1 йилда 1 маротаба ижтимоий солиқни тўласа, 1 йиллик иш стажига эга бўлиши мумкин.
Танқидий-таҳлилий ўтган муҳокамалар давомида сенаторлар томонидан парламент сўровида кўтарилган айрим масалалар ҳанузгача ўз ечимини топмагани қайд этилди. Хусусан, ўзини ўзи банд қилган шахслар томонидан ижтимоий солиқ суммаси белгиланган миқдордан кам тўланганда меҳнат стажини тўланган солиқ миқдорига мутаносиб равишда инобатга олиш ёки тўланган суммани солиқ тўловчига қайтаришнинг ҳуқуқий механизмларини жорий этиш ишлари якунига етказилмаган.
Ёшга доир пенсия тайинлаш учун етарли меҳнат стажига эга бўлмаган фуқароларга (оз муддат етмаганда, 6 ойдан 1 йилгача) ўзини ўзи банд қилиш орқали зарур меҳнат стажини инобатга олиш имкониятини яратиш масаласи ўз ечимини топмаган. Демак, бу каби муаммоларни ҳал этиш долзарблигича қолмоқда. Сенаторлар уларни бартараф этиш бўйича ўз таклифларини бердилар.
Масала юзасидан Сенатнинг тегишли қарори қабул қилинди.
Шунингдек, сенаторлар томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг қарорлари ҳам тасдиқланди.
Ялпи мажлисда жамият ҳаётининг барча соҳалари ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлашга ва мамлакатда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар самарадорлигини оширишга, халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган 16 та масала, шу жумладан, 11 та қонун кўриб чиқилди.
Шунинг билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг бешинчи ялпи мажлиси якунланди.
Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенати
Ахборот хизмати