Элликқалъа тажрибаси ўрганилди
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси топшириғига мувофиқ, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Қорақалпоғистон бўлими ва Элликқалъа тумани ҳокимлиги ҳамкорлигида оммавий ахборот воситалари вакиллари учун медиа-тур ташкил этилди.
Президентимиз томорқада ва ижарага берилган экин ерларида даромадли маҳсулот етиштиришнинг янги тизими бўйича ўтказган йиғилишда томорқа ва деҳқончилик ерларида юқори даромадли ва экспортбоп экинлар экиш, уларнинг ҳисобини юритиш ва молиялаштириш бўйича янги ташаббусларни маълум қилди.
Деҳқон хўжаликлари ва томорқани ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар, уларга берилаётган имтиёзлар, айниқса, аҳолини ўқитишдан тортиб, уруғ, кўчат етказиш, маҳсулот етиштириш, қайта ишлаш ва экспортга чиқариш занжири яратилаётгани фуқаролар томонидан қўллаб-қувватланмоқда.
Тадбир доирасида оммавий ахборот воситалари вакиллари Элликқалъа туманининг бир қатор маҳаллаларида бўлиб, бу борада амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишди.
Иштирокчилар дастлаб “Чўпон” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида фаолият олиб бораётган “Muslimbek paypoqlari” оилавий корхона томонидан амалга оширилаётган пайпоқ ишлаб чиқариш лойиҳаси билан танишди. 2023 йилда ташкил этилган корхонада йилига 100 минг дона маҳсулот ишлаб чиқарилади. Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастури асосида “Агробанк” томонидан 150 миллион сўм кредит ажратилиб, пайпоқ ишлаб чиқариш ускуналари харид қилинди. Корхонада уч нафар киши доимий иш билан таъминланган бўлиб, йил охирига қадар 120 миллион сўм даромад олиш режалаштирилган.
Тадбир иштирокчилари Сайхунобод тажрибаси асосида ўз томорқасидан самарали фойдаланиб, кўчатчилик ва боғдорчиликни йўлга қўйган Исмоил Нуримов хонадонида ҳам бўлди. Тажрибали деҳқон томонидан 2022 йилдан буён турли мева кўчатлари етиштириб келинмоқда. Шунинг ҳисобидан ҳар йили мўл даромадга эга бўлмоқда.
“Пахтачи” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи Мирза Ҳаджибаев ҳам Сайхунобод тажрибаси асосида ижарага олинган ер майдонларидан 20 сотих ерда иссиқхона ташкил қилди. Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастури асосида “Халқ банки” томонидан ажратилган 33 миллион сўм кредит эвазига ташкил этилган мазкур иссиқхонада йилига 30 тонна бодринг етиштириб, 240 миллион сўм даромад олинади.
Ушбу маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида истиқомат қилувчи Анвар Розметов ҳам Сайхунобод тажрибаси асосида ўз хонадонидаги иссиқхонада лимон етиштиришни йўлга қўйди. Йилига 10 тонна лимон маҳсулоти етиштириш эвазига 120 миллион сўм даромад олишни мақсад қилмоқда. Бу ерда 5 нафар киши доимий иш билан таъминланган.
Тадбир иштирокчилари “Сарабий” овул фуқаролар йиғини ҳудудидаги “GRACEFUL MEBEL” масъулияти чекланган жамият томонидан мебель ва темир эшик, дарвоза ишлаб чиқариш лойиҳаси, “ELLIKQAL’A OLTIN TOLASI KLASTERI” масъулияти чекланган жамият томонидан барпо этилаётган тикувчилик фабрикаси, “Баҳодир чорваси” наслчилик фермер хўжалиги, аҳолига ибрат бўлиб келаётган бир қатор хонадонларда бўлиб, аҳоли бандлигини таъминлаш, томорқадан самарали фойдаланиш, қишлоқ жойларида ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш борасида Элликқалъа тумани тажрибаси билан танишди.
Тадбир давомида журналистлар бу борада ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоб олди.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА