Ҳамкорликда курашиш, албатта, натижа беради
Нукусда Қорақалпоғистон Республикаси суди ва Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий суди билан биргаликда коррупцияга қарши курашиш масалаларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.
Қорақалпоғистондаги барча судьялар ва тизим ходимлари иштирокида ўтказилган анжуманда, Президентимизнинг шу йил 5 март куни Коррупцияга қарши курашиш бўйича миллий кенгаш йиғилишида сўзлаган нутқи ва мазкур йиғилиш тафсилотига бағишланган кўрсатув намойиш этилди. Шундан сўнг, Қорақалпоғистон Республикаси суди раиси К.Тарихов ва Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий суди раиси А.Нурлипесов мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш бўйича белгилаб берилган вазифаларнинг мазмун-моҳияти, мақсади ва жамиятимизни ривожлантиришдаги аҳамияти ҳақида атрофлича фикр юритди.

Таъкидланганидек, ҳуқуқий, демократик давлат барпо этилаётган мамлакатимизда бу иллатга чек қўйиш қонун устуворлиги ва барчанинг тенглиги, давлатнинг ривожланганлик даражасини белгилаб беришда муҳим омил ҳисобланади. Бу жараёнда судларни чинакам “адолат қўрғони”га айлантириш ва фуқароларнинг ҳуқуқ ҳамда эркинликларини ҳимоя қилишда судьялар зиммасига катта масъулият юклаши таъкидланди.

Бугун шиддат билан ўзгараётган дунёдаги долзарб муаммолардан бири бўлган коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш масаласига, давлатимиз сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бири сифатида алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Мамлакатимизда коррупцияга қарши кураш соҳасида изчил давлат сиёсати олиб борилмоқда. Бунинг асосий йўналишларидан бири суд тизимида ошкоралик ва адолатни таъминлашдир.
Кун тартибидаги масала юзасидан судьялар ва тизим ходимлари ҳам сўзга чиқиб, Президент нутқидан келиб чиқадиган муҳим вазифалар, ушбу иллатга қарши кураш бўйича амалга оширилиши лозим бўлган чора-тадбирлар муҳокама қилинди.

Коррупцияга қарши курашиш бўйича миллий кенгаш йиғилишидан кейин Олий суд раиси Б.Исломов ҳам мамлакатимиздаги барча судьялар корпуси ва суд ходимларига мурожаат йўллаган эди. Тадбирда мазкур мурожаат ҳам атрофлича ўрганиб чиқилди.
Мурожаатдан келиб чиқиб, суд тизимида коррупциянинг олдини олиш бўйича белгилаб берилган устувор вазифалар, ушбу жараёнда судьялар ва тизим ходимларининг ўрни, иллатга қарши курашишнинг долзарб механизмлари юзасидан фикр-мулоҳаза юритилди. Унга қарши курашиш бўйича тегишли чора-тадбирлар белгилаб олинди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири