Рақамлаштириш ва телекоммуникация йўналишида Европа давлатлари билан ҳамкорлик кучайтирилади

Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов Европа Иттифоқининг Халқаро ҳамкорлик бўйича комиссари Ёзеф Сикела билан учрашди.
Учрашувда Ёзеф Сикела Ўзбекистоннинг кўп жабҳаларда эришаётган, аҳоли турмушини сезиларли даражада яхшилаган ютуқлари, жумладан, рақамли технологиялар соҳасида амалга оширилаётган ишларни юқори баҳолади.


Шунингдек, учрашувда Ўзбекистоннинг денгизга чиқиш имкониятлари чеклангани боис вазирлик AKT соҳасини фаол ривожлантираётгани, бу эса IТ-хизматлар экспорти кўрсаткичларини жадал оширишга хизмат қилаётгани айтиб ўтилди.
Вазир Ш.Шерматов Европа бозорининг ўзига хос хусусиятларидан келиб чиқиб, Европа давлатлари билан ҳамкорликни кенгайтириш муҳимлигини таъкидлади.
Бундан ташқари, учрашувда телекоммуникация йўналишида ҳамкорлик истиқболлари, жумладан, замонавий йўлдош алоқаси тизими ёрдамида олис ҳудудларни интернет билан таъминлаш бўйича лойиҳани ҳамкорликда амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Учрашув давомида рақамлаштириш ва телекоммуникация йўналишларида рақамли алоқадорликни кенгайтириш, барқарорликни ривожлантириш масалаларига алоҳида урғу берилди.

Шу билан бирга, «Марказий Осиёда рақамли алоқадорликни ривожлантириш бўйича Европа жамоаси ташаббуси» доирасидаги лойиҳалар бўйича муҳокамалар олиб борилди.
Якунда томонлар ўзаро манфаатли ҳамкорлик ва яқин келажакда қўшма лойиҳаларни муваффақиятли амалга оширилишига умид билдирдилар.
Н.Раҳмонова,
ЎзА