Моддий маданий мерос объектлари муҳофазада
Қорақалпоғистон Республикаси прокуратурасида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси ҳамда прокурори томонидан имзоланган “Моддий маданий мерос кўчмас мулк объектларини аниқлаш, ҳисобини юритиш, асраш, илмий тадқиқ этиш, оммалаштириш ва улардан оқилона фойдаланиш борасида қўшимча чора-тадбирлар белгилаш юзасидан” қўшма фармойишни ижрога қаратиш масалаларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.
Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси прокурори ўринбосари Ш.Мухаматов, Вазирлар Кенгаши раиси ўринбосари Р.Зарекеевлар сўзга чиқиб, қўшма фармойишнинг мазмун-моҳиятига ҳамда уни амалга ошириш юзасидан вазифаларга тўхталишди.

Таъкидланганидек, Қорақалпоғистон Республикаси – Марказий Осиёнинг бой маданияти ва тарихий меросига эга бўлган ҳудудлардан бири ҳисобланади. Бу ўлка асрлар давомида турли цивилизациялар чорраҳаси бўлиб келган, қадимги ва ўрта аср шаҳарлари, меъморий ёдгорликлар ҳамда миллий анъаналар билан бойитилган. Шундан келиб чиққан ҳолда, ҳудудларда моддий маданий мерос объектларини ҳимоясини самарали таъминлаш, ҳисобини аниқ юритиш, аниқлаш, ҳисобини юритиш, илмий тадқиқ этиш, оммалаштириш ва улардан оқилона фойдаланиш муҳим ўрин тутади.
Йиғилишда соҳа масъулларига бу борада белгиланган вазифаларни муддатида, тўлиқ ва сифатли амалга ошириш юзасидан тегишли кўрсатма ҳамда тавсиялар берилди. Шунингдек, ҳудудий ишчи гуруҳ аъзоларига қисқа муддатда ўрганишларни амалга ошириш ва моддий маданий мерос объектларининг батафсил каталогини яратиш, ўрганишларда аниқланган қонун бузилиши ҳолатларини дарҳол бартараф этиш каби вазифалар юклатилди.

Довуд АБИБУЛЛАЕВ, ЎзА мухбири