ЎФА раҳбари миллий терма жамоа аъзолари билан учрашди
Аввал хабар берганимиздек, Ўзбекистон миллий терма жамоаси 2026 йилги Жаҳон чемпионатининг учинчи саралаш босқичи доирасида 20 март куни Қирғизистон, 25 март куни эса Эрон терма жамоаларига қарши навбатдаги ўйинларни ўтказади.
Шу муносабат билан, Ўзбекистон футбол ассоциацияси президенти Баҳодир Қурбонов масъулиятли ўйинлар олдидан миллий терма жамоа аъзолари билан учрашди ва ушбу босқич аҳамияти, халқимизнинг азалий орзуси бўлмиш Жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритиш орқали мухлисларни хурсанд қилиш муҳимлиги ҳақида тўхталди.
Ушбу учрашувлар олдидан терма жамоамиз Бош мураббийи Тимур Кападзенинг режалари тингланди. Шунингдек, футболчилар билан суҳбатда ижобий натижаларга эришиш учун ЎФА томонидан барча зарур шароитлар тақдим этилиши маълум қилинди. Ўз ўрнида жамоамизнинг бир қатор етакчи футболчилари ўз фикрларини билдириб ўтишди. Тиббий штаб ва жамоага алоқадор барча мутахассисларга тегишли кўрсатмалар берилди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон миллий терма жамоаси саралаш босқичининг “А” гуруҳида 13 очко билан иккинчи ўринни банд этиб турибди. Эрон эса 16 очко билан пешқадамлик қилаётган бўлса, БАА 10, Қатар 7 очко жамғариб, кейинги ўринларда бормоқда. Қирғизистон ва КХДР термалари 3 ва 2 очко тўплаган ҳолда гуруҳнинг қуйи ўрнидан жой олган ҳолда иштирокини давом эттирмоқда.
Саралаш баҳсларининг 7-турида Ўзбекистон ва Қирғизистон терма жамоалари ўртасидаги ўйин 20 март куни “Бунёдкор” стадионида бўлиб ўтади. Баҳс Тошкент вақти билан 21:00 да старт олади.
Ушбу ўйинни япониялик Ясуке Араки бошчилигидаги ҳакамлар бригадаси бошқариб боради. Шуни таъкидлаб ўтишимиз лозимки, Ясуке Араки бошқарган ўйинларда Ўзбекистон миллий терма жамоаси биттадан ғалаба ва дуранг қайд этган.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА