Бокс Олимпиада дастурига киритилиши мумкин
197

Халқаро Олимпия Қўмитаси Ижроия қўмитаси боксни 2028 йилги Олимпия ўйинлари дастурига киритиш таклифини илгари сурди, дея хабар берди “Sky Sport” нашри.
Бу ҳақдаги якуний қарор шу ҳафта Грециянинг Коста-Наварино шаҳрида бўлиб ўтадиган 144-сессияда қабул қилинади. 2022 йил февралда тасдиқланган Олимпия спорт турлари рўйхатига бокс киритилмаган эди. Бунга Халқаро бокс ассоциацияси (IBA) ички муаммолари сабаб бўлган.
2023 йил июнда ХОҚ IBAни расман тан олишдан бош тортди. Бу 2028 йилги Олимпиада тартибига таъсир кўрсатди.
Париж Олимпиадасида бокс мусобақалари махсус ишчи гуруҳ назорати остида ўтказилди. Ушбу қарор спортчиларнинг турнирда қатнашиш имкониятини таъминлади.
ХОҚ аввалроқ бокс дастурда қолиши учун янги халқаро федерация тузилиши зарурлигини таъкидлаганди. Февраль ойида Ижроия қўмита “World Boxing” ташкилотини вақтинча тан олди. Ҳозир бу тузилма 84 миллий федерацияни бирлаштирган.