Комплекс мусобақаларда муносиб иштирок этиш масалалари муҳокама қилинди

Хабарингиз бор жорий йил Озарбайжонда III МДҲ ўйинлари ҳамда Баҳрайнда III ёшлар Осиё ўйинлари бўлиб ўтади. Мазкур мусобақада Ўзбекистон делегацияси ҳам совринли ўринлар учун асосий даъвогар ҳисобланади.
Ўзбекистон спорт вазири Адҳам Икромов раислигида ўтказилган йиғилишда ушбу комплекс мусобақаларга тайёргарлик бўйича тақдимот ҳамда оммавий спорт тадбирларини ташкил этиш масалалари кўриб чиқилди.
Дастлаб 2025 йил кутиб турган комплекс мусобақалар, ташкилий қўмита талабларига кўра уларда иштирок этиш бўйича ёш чегаралари, ўйинларга киритилган спорт турлари каби умумий маълумотлар бериб ўтилди.

Тақдимот давомида спортчиларимизнинг манзилга керакли муддатларда етиб боришларини таъминлаш, делегация аъзолари учун барча зарур шароитларни яратиш каби йўналишлар бўйича тавсиялар берилди. Шунингдек, комплекс мусобақаларга ёшлар терма жамоаси аъзоларини ҳам кенг жалб қилиш, бу орқали уларнинг маҳорати ва халқаро тажрибасини ошириш муҳимлиги борасида фикрлар билдирилди.

Шундан сўнг, жорий йилда ташкил этиладиган оммавий спорт тадбирлари кўриб чиқилди. Спорт вазири «Беш ташаббус олимпиадаси», «Жисмоний тайёргарлик даражаси» спорт синовлари ҳамда бошқа оммавий спорт мусобақалари ўтказилиш муддатини тақвим бўйича аниқ белгилаб бериб, бу борада амалга ошириладиган ишлар юзасидан масъулларга тегишли кўрсатма ва вазифалар берди.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА