Халқаро олимпия ҳаракати янги давр остонасида

Грецияда ХОҚнинг 144-сессияси бошланди. Халқаро олимпия қўмитасининг янги президенти мазкур йиғилиш давомида эълон қилинади.
Бугун, 18 мартдан эътиборан Халқаро олимпия қўмитаси ижроия қўмитаси аъзолари Грецияда ташкил этиладиган ХОҚнинг тарихий 144-сессиясида иштирок этиш учун жам бўлди.
Айтиш лозим, жорий йилнинг 18-21 март кунлари ўтадиган ХОҚнинг 144-сессияси дунё спорт жамоатчилиги эътибор марказидаги тадбир бўлиб, унда қабул қилинадиган қарорлар Олимпия ҳаракатининг халқаро майдондаги кейинги фаолиятида туб бурилиш даврини бошлаб бериш билан аҳамиятли саналади.

Сессияда кўриладиган асосий масалалардан бири Халқаро олимпия қўмитасининг янги президентини сайлаш тадбири ҳисобланади.
Ҳозирда Халқаро олимпия қўмитасининг амалдаги раҳбари Томас Бахнинг ўрнига даъвогарлар – 7 нафар. Улар япониялик Халқаро гимнастика федерацияси президенти Моринари Ватанабе, ХОҚ вице-президенти, испаниялик кичик Хуан Антонио Самаранч, Буюк Британиядан Бутунжаҳон енгил атлетика федерацияси президенти Себастян Кое, франциялик Халқаро велосипедчилар иттифоқи раҳбари Девид Лаппартиент, Швеция-Британия вакили ҳисобланган Халқаро чанғи федерацияси етакчиси Ёхан Элиас, Зимбабве спорт вазири, сузиш спорт турида Олимпия ўйинлари иштирокчиси Кирсти Ковентри ва Иордания шаҳзодаси Файсал ал-Ҳусайн.
Ўтган йилнинг сўнгги ойида даъвогарлар тегишли ҳужжатларни, иш режа, мақсадлар жамланмаси, келгуси стратегик йўналишларга оид материалларни Халқаро олимпия қўмитасининг тегишли комиссиясига тақдим этганди.
Ҳар бир номзод янги ва инновацион таклифлари билан Олимпия ўйинлари келажаги учун бошқалардан ажралиб туришга интилмоқда.
Албатта, уларнинг ҳар бири ўз йўналишининг етакчиси, билимдони экани назарда тутилса, барчаси ворис бўлишга лойиқдек, назаримизда. Аммо Халқаро олимпия қўмитаси ташкил топгандан бери уни бошқарганлар рўйхатига назар ташланса, ўтган 130 йиллик даврдан бери ХОҚ раҳбарлигини эгаллаб келган 9 нафар президентнинг 8 нафари европалик, 1 нафари АҚШ вакили бўлган.

«Лос-Анжелес-2028» Олимпиадаси остонасида ўтаётган Халқаро олимпия қўмитаси 144-сессиясида президентликка даъвогарларнинг 4 нафари Европа, 2 нафари Осиё, 1 нафари Африка қитъаси вакили ҳисобланади. Улар орасидаги ягона аёл ҳамда энг ёш номзод – Зимбабве спорт вазири, сузиш спорт турида Олимпия ўйинлари иштирокчиси Кирсти Ковентри. У 1983 йилда туғилган.
Хўш, Халқаро олимпия қўмитаси президентлиги вазифасини эгаллашга номзодларнинг қай бири кўпроқ муносиб?
Шу кунларда спорт жамоатчилиги томонидан ҳар бир номзоднинг таклиф ва режалари кенг муҳокама қилинмоқда. Улар тўғрисида турфа ижобий ва салбий фикрлар билдирилмоқда.
Шундай номзодлардан бири япониялик Моринари Ватанабе ёзги Олимпия ўйинларининг янги форматини таклиф этаётгани билан бошқалардан ажралиб турибди.
Унинг таклифига кўра, ёзги Олимпия ўйинлари бир вақтнинг ўзида дунё бўйлаб беш қитъада ўтказилиши лозим.
Ўтган йили Халқаро гимнастика федерациясининг 85-конгрессида учинчи муддатга президентликка сайланган 65 ёшли Моринари Ватанабе тўрт йиллик ўйинларнинг ҳозирги модели эскиргани, бундай эскилик ҳолатидан воз кечиш пайти келганини таъкидлаб ўтган.
Унинг фикрига кўра, технологик тараққиёт ва юксалиш жараёнида коммуникация воситаларидан кенг фойдаланиш инсониятга катта завқ бағишлайди. Олимпия ва Паралимпия ўйинларининг келажагини таъминлашда инсоният олдида турган иқтисодий ва экологик муаммолар бутун дунё бўйлаб шиддат билан тарқалаётган тезкор замоннинг талаби шу. Келажакда Олимпия ўйинларини беш қитъада, бешта шаҳарда, бир вақтнинг ўзида ўтиши Олимпия ҳаракатининг янги даврини бошлаб беради. Қолаверса, ўйинлар трансляцияси 24 соат давом этиши, беш қитъа битта томошада бирлаштирилиши, ҳаяжон бутун дунё бўйлаб тақсимланиши, бу эса мезбон шаҳарлар учун иқтисодий харажатларни камайтиришга, экологик чиқиндиларнинг олдини олишга ёрдам беришини билдирган.
Дунёда глобал ўзгаришлар рўй бераётган, иқтисодий, ижтимоий, экологик таранглик кузатилаётган, геосиёсий эврилишлар жараёнида Ватанабе таклифи Олимпия ҳаракатида инқилобий ўзгаришни таъминлай олармикан?
Бундай қалтис, таъбир жоиз бўлса, нозик “синов қилкўпригидан ўтиш”га бошқалар кўнармикан?
Агар, Халқаро олимпия қўмитаси ижроия қўмитаси аъзолари “революционер” Моринари Ватанабе ташаббусини қўллаб уни Томас Бахдан қолаётган “ХОҚ тахтига” муносиб кўрса борми, у Халқаро олимпия қўмитасининг биринчи осиёлик раҳбари бўлишидан ташқари, энг муҳими, 1894 йил ташкил этилганидан бери ўз “ўзанида оқиб келаётган олимпиада дарёси” катта вулқондек дунёга тошиб кетиши ҳам эҳтимолдан йироқ эмас.
Лекин бундай глобал ўзгаришга Олимпия ўйинларини “ўз дастаги”га айлантириб олишга интилаётганлар рози бўлармикан?
Айни масалаларга Грецияда бошланган Халқаро олимпия қўмитасининг 144-сессияси жараёнида жавоб оламиз.
Шу ўринда айтиш лозим, кунчиқар юрт вакилидан ташқари ХОҚ вице-президенти, кичик Хуан Антонио Самаранч, Бутунжаҳон енгил атлетика федерацияси президенти Себастян Кое, Халқаро велосипедчилар иттифоқи раҳбари Девид Лаппартиент ва бошқалар ҳам “қўл қовуштириб” ўтиргани йўқ, Улар ҳам Олимпия ўйинлари, Олимпия ҳаракатининг софлигини ҳар қандай хуружлардан “сақлаб қолиш” йўлида ўз таклифларини илгари сурмоқда.
Хўш, номзодларнинг қай бири Халқаро олимпия қўмитаси президенти бўлиши Ўзбекистон олимпия ҳаракати учун ижобий кўриниш олиши мумкин? Бир пайтлар халқаро даражадаги ташкилотларга кимнинг раҳбарликка келиши юртимиз ҳаётига қай йўсинда таъсир кўрсатишига хавотир билан муносабатда бўлардик, рости. Бугун эътироф ва ифтихор билан айтиш жоизки, мамлакатимизда Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан юритилаётган очиқлик сиёсати сабабли бундай ҳадиклар олис ўтган йиллар қатида қолиб кетди. Ўзбекистон олимпия ҳаракати учун 7 нафар номзоднинг қай бири Томас Бахнинг ўрнини эгаллаши у қадар аҳамиятли эмас. Асосийси, жаҳон ҳамжамиятида олимпизм ғоялари барҳаёт бўлса бас.
Эслатиб ўтамиз, номзодларга овоз бериш жараёни Халқаро олимпия ижроия қўмитаси аъзолари томонидан яширин овоз бериш орқали ўтказилади. Сайловлар ХОҚ президентлигига даъвогарларнинг кўплиги сабабли бир неча турдан иборат бўлиши эҳтимолдан йироқ эмас. Якуний натижалар 20 март куни эълон қилинади.
Тўлқин Рўзиев, ЎзА