Бокс: Жаҳон чемпионатида Ватан шаънини улуғлаганлар тантанали кутиб олинди

18 март куни Сербиянинг Ниш шаҳрида бокс бўйича аёллар ўртасида ўтказилган жаҳон чемпионатида 1 та кумуш ва 3 бронза медалини қўлга киритиб, ватанимиз спорт шуҳратини улуғлаган Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари Тошкент халқаро аэропортида тантанали кутиб олинди.
Кутиб олиш маросимида иштирок этган Спорт вазирлиги, Миллий олимпия қўмитаси, Ўзбекистон бокс федерацияси ва тегишли ташкилотларнинг вакиллари тарихий ғалаба билан боксчи-қизларимизни, уларнинг мураббийларини қутлашди.

Таъкидлаш лозим, мамлакатимизда эркаклар бокси сингари аёллар боксида ҳам катта юксалиш сари қадам ташланди. Маросимда айтилганидек, Сербияда ўтган жаҳон чемпионати кутилган ва кутилмаган вазиятларга бой бўлди.

Эътиборли жиҳати, юртимиз боксчи-қизлари Олимпиада ўйинларининг ғолиб ва совриндорлари билан тенг курашларда иштирок этиб, совриндорлар қаторидан ўрин эгаллади.

Жаҳон чемпионати сарҳисобига кўра, медаллар жамғариш борасида 50 та давлатдан 14 та мамлакат вакиллари у ёки бу тоифадаги совринни қўлга киритди. Россия (4-1-2), Қозоғистон (3-2-1), Туркия (1-3-2) етакчи ўринлардан жой олди.

Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари тарихда илк бор аёллар боксида 1 та кумуш, 3 та бронза медалига эгалик қилиб, ўзбек боксчи қизларини катта ғалабалар сари илҳомлантирди.
Кутиб олиш маросимида ушбу ғалабалар «Лос-Анжелес-2028» Олимпиадаси сари ташланган муҳим қадам бўлгани эътироф этилди
Т.Рўзиев,
ЎзА