Ўзбекистондаги хотин-қизларнинг 51 фоизи шаҳарларда истиқомат қилади

287

Бугунги кунда мамлакатимиз аҳолисининг 49,7 фоизи, яъни 18 миллион 204 мингдан ортиғини хотин-қизлар ташкил этади. Уларнинг 8 миллион 912 минги қишлоқларда, 9 миллион 362 мингдан зиёди — 51 фоизи шаҳарларда истиқомат қилади.

Статистик маълумотларга кўра, дунёда меҳнатга лаёқатли аҳоли улуши 60 фоизни ташкил этса, шундан 48,7 фоизи хотин-қизлардан иборат. Ўзбекистонда эса бу кўрсаткич 50 фоиздан ортиқни ташкил этади.

Мамлакатимизда вазир ва вазирга тенглаштирилган лавозимларда хотин-қизлар улуши 2020 йилда 3 фоизни ташкил этган бўлса, 2024 йил якунига кўра 7,7 фоизга етган. Маъмурий бошқарув тизимида хотин-қизлар 30 фоиздан ортган. Суд-прокуратура органларида ишловчи хотин-қизлар улуши эса 14 фоиздан юқори.

Ушбу маълумотлар Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида қайд этилди. Унда Бош вазир ўринбосари — Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Зулайҳо Маҳкамова «Оилаларни мустаҳкамлаш ва хотин-қизларнинг фаоллигини ошириш борасида амалга оширилган ишлар тўғрисида» ахборот тақдим этмоқда.

Муҳтарама Комилова,

ЎзА