Ўзбекистон ва Қирғиз Республикалари ўртасида маҳкумларни топширишга оид халқаро ҳужжат амал қилади

348

Сенатнинг бешинчи ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикаси билан Қирғиз Республикаси ўртасида озодликдан маҳрум этилган шахсларни жазони ўташни давом эттириш учун топшириш тўғрисидаги Шартномани (Тошкент, 2024 йил 18 июль) ратификация қилиш ҳақида”ги қонун кўриб чиқилди.

– Шартномада жазо муддатини ўтаётган маҳкумларни ҳукмни ижро этиш учун ўз давлатига топшириш асослари, шартлари ҳамда тартиблари аниқ кўрсатиб ўтилган, – деди Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси аъзоси Жамила Бобоназарова. – Мазкур ҳужжатда маҳкумни топшириш билан боғлиқ харажатлар, низоларни ҳал қилиш, икки томонлама алоқа тиллари, Шартномага ўзгартириш киритиш ҳамда унинг кучга кириши каби муҳим масалалар ўрин олган. Шартномада Ўзбекистон ва Қирғизистон бош прокуратуралари томонларнинг марказий органлари этиб белгиланган.

Сенатор Гулнора Маъруфованинг қайд этишича, мазкур Шартномада Томонлар ўзаро шартларга биноан бир-бирининг сўрови бўйича ҳукм чиқарувчи Томон ҳудудида жиноят содир этганлик учун жазони ижро этиш муассасаларида озодликдан маҳрум қилиш тарзидаги жазони ўтаётган шахсларни фуқаролиги бўлган Томонга ўтказиш тартиблари белгиланиши айни муддао бўлмоқда. Чунки, жиноят содир этиш оқибатида озодликдан маҳрум этилган чет эл фуқароларига белгиланган жазони ўз давлатида ўташи учун имконият яратилиши уларни қайта тарбиялаш ва ижтимоий мослаштириш жараёнини жадаллаштиради.

Сенатор Ўктамжон Охуновнинг эътироф этишича,  Шартнома инсонпарварлик тамойилларига асосланган муҳим ҳужжат ҳисобланади. Мазкур ҳужжатда маҳкумни топшириш билан боғлиқ харажатлар, низоларни ҳал қилиш, икки томонлама алоқа тиллари, шартномага ўзгартириш киритиш ҳамда кучга кириши каби муҳим масалалар ўрин олган.

Сенаторлар маъқуллаган қонун маҳкумларнинг ҳуқуқларини таъминлашга хизмат қилади. Уларнинг оилавий муносабатларига ижобий таъсир қилади ҳамда ижтимоий ҳаётга мослашувини тезлаштиради.

Норгул Абдураимова,

Носир Ҳайдаров (сурат),

ЎзА