Ўзбекистон – Франция: келишувлар ижросида парламент назоратидан самарали фойдаланиш лозим

214

Айни пайтда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси ўз ишини бошлади. Мажлис аввалида қуйи палата Спикери Н.Исмоилов шу йил 11-13 март кунлари Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Франция мамлакатига ташрифи хусусида тўхталди:

—  Давлатимиз раҳбарининг Францияга расмий ташрифи ҳар томонла манфаатли кечди. Давлат раҳбарларининг учрашувлари давомида иқтисодиёт, таълим, соғлиқни сақлаш, маданият ва санъатни ривожлантириш, рақамли ва инновацион технологиялар, энергетика, туризм, транспорт инфратузилмаси каби кўплаб соҳаларда ҳамкорликни кенгайтириш бўйича муҳим қарорлар қабул қилинди. Икки давлат ўртасидаги стратегик шериклик тўғрисидаги декларация имзолангани ташрифнинг асосий натижаларидан бири бўлди, десак тўғри бўлади. Ушбу ҳужжат икки томонлама узоқ муддатли, барқарор ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни таъминлашда муҳим ўрин тутади.

Шунингдек, давлатимиз раҳбари 13 март куни Париж шаҳридаги Бурбон саройида Франция Миллий мажлиси Раиси Яэль Браун-Пиве билан учрашув ўтказди. Унда икки давлат ўртасидаги парламентлараро алмашинувни янада кенгайтириш масалалари кўриб чиқилиб, Ўзбекистон-Франция парламентлараро форумини ташкил этиш ва «йўл харитаси» асосида дўстлик гуруҳлари ишини қайта тиклаш масалалари муҳокама қилинди.

Албатта, парламентлараро муносабатларни ривожлантиришда фаол бўлиш, ташриф давомида эришилган келишувларни ҳаётга татбиқ этиш учун ҳуқуқий асосларни мустаҳкамлаш ҳамда парламент назорати институтларидан самарали фойдаланишимиз керак бўлади, — деди Спикер.

Муҳтарама Комилова,

ЎзА