Болалар ҳуқуқлари прокуратура ҳимоясида
Қорақалпоғистон Республикаси прокуратураси вакиллари Хўжайли ва Тахиатош туманларидаги оилавий болалар уйида тарбияланаётган болаларнинг шароитларини ўрганди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 25 октябрдаги “Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни ижтимоий қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш, уларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, турар-жойлар билан таъминлаш, уларни оилавий болалар уйларига жойлаштириш, ҳаётга тайёрлаш учун қулай шарт-шароитлар яратиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Чунки етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни ҳимоя қилиш барчамизнинг бурчимиздир. Уларнинг келажагини яхшилаш, уларни таълим ва тарбия билан қамраб олиш – бу бизнинг жамият сифатидаги масъулиятимиз.

Ташриф давомида оилавий болалар уйларининг аҳволи, болаларга яратилган шарт-шароитлар ўрганилиб, аниқланган муаммоларни ижобий ҳал қилиш бўйича мутасадди органлар раҳбарларига тегишли кўрсатмалар берилди. Шунингдек, болаларнинг маънавий-маърифий салоҳиятини шакллантириш мақсадида китоблар жамланмаси ҳамда совғалар топширилди.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири