Ўқ отиш спорти: Янги вазифалар белгилаб олинди
Ўзбекистон ўқ отиш спорти федерациясининг навбатдан ташқари конференциясида Ўзбекистон Республикаси Президенти раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида берилган топшириқлар ижросини таъминлаш, «Лос-Анжелес-2028» ёзги Олимпия ўйинларига йўлланмалар олиш устувор вазифалардан бири экани таъкидланди.
Конференция давомида федерация раҳбарияти таркиби қайта шакллантирилиши масаласи кўриб чиқилди.
Ўзбекистон ўқ отиш федерацияси мутахассислари ва делегатларнинг таклифи ва овоз бериши асосида Рамиз Еналиев, Акбар Каримов ҳамда Ҳусан Ботиров федерация раиси ўринбосари лавозимига сайланди.

Конференцияда федерациянинг назорат-тафтиш ҳайъати, ҳудудий бўлимлар раҳбарлари ва ижроия қўмита аъзолари тасдиқланди.
Маълумки, 2024 йилнинг 4 ноябрида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўқ отиш спорт турларини янада ривожлантириш ва оммалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори эълон қилинган эди. Мазкур қарор мамлакатимизда ушбу спорт тараққиётини янги босқичга олиб чиқиш, иқтидорли спортчиларни тайёрлаш, мураббий ва ҳакамлар малакасини ошириш, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш каби устувор йўналишларда дастуриламал бўлиб хизмат қилаётгани иштирокчилар томонидан таъкидланди.

Муҳокамалар чоғида бўлажак Осиё ва Олимпия ўйинларига тайёргарлик режаси таҳлил этилиб, бу борада амалга ошириладиган вазифалар белгилаб олинди.
Йиғилиш якунида ҳар томонлама иқтидорли спортчиларни саралаш, ўқ отиш спорти ривожининг моддий-техник базасини халқаро талаблар даражасига келтириш юзасидан Мудофаа вазирлиги ва Спорт вазирлиги ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Т.Рўзиев,
ЎзА