Танзила Норбоева: Коррупцияга қарши курашишда қатъий, ишончли, самарали, тизимли чоралар кўрилади

Сенатнинг бешинчи ялпи мажлисида Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши мажлисида белгилаб берилган устувор йўналишлар, Сенат ҳамда халқ депутатлари маҳаллий кенгашлари олдида қўйилган долзарб вазифаларга алоҳида эътибор қаратилди.
Сенат Раиси Танзила Норбоеванинг қайд этишича, давлатимиз раҳбарининг парламентга келиб жамият ва давлат ҳаётининг энг долзарб масалаларидан бўлган коррупцияга қарши курашишга бутун жамоатчилик эътиборини қаратганидан шуни англаш мумкинки, ҳақиқатдан ҳам бу, умуммиллий масаладир.

Соҳага оид ҳуқуқий асос мустаҳкамланди, ташкилий-институционал тизим яратилди. Мамлакат тарихида илк маротаба коррупцияга қарши курашиш, манфаатлар тўқнашуви, давлат фуқаролик хизмати, давлат харидларига оид яхлит қонунлар қабул қилинди.
Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши ва унинг ҳудудий тузилмалари, парламент палаталарида ихтисослашган қўмиталар ташкил этилди.

Ўз фаолиятида фақатгина давлат раҳбарига бўйсунадиган ва парламент олдида ҳисобдор бўлган алоҳида Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ташкил этилди. Амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан бирга уларнинг лойиҳаларини ҳам коррупцияга қарши экспертизадан ўтказиш институти жорий этилди. Очиқлик, шаффофлик тамойиллари ҳар бир соҳада устувор этиб белгиланди.
Давлат органлари ва ташкилотлари, шу жумладан банкларда коррупцияга қарши ички назорат тузилмалари (“комплаенс – назорат”) фаолияти йўлга қўйилди. Соҳа ва тармоқларда, айниқса, давлат хизматларини кўрсатишда инсон омилини камайтиришга қаратилган кенг кўламли рақамлаштириш жараёнлари амалга оширилди ва бу изчиллик билан давом эттирилмоқда.
– Коррупцияга қарши курашиш соҳасида олиб борилган ишлар ва эришилган ижобий натижалар ҳақида яна узоқ гапириш мумкин, – деди Т.Норбоева. – Бироқ бугун ушбу иллатга қарши курашиш бўйича янада қатъий, янада самарали, янада тизимли ва янада ишончли чоралар кўришни даврнинг ўзи олдимизга қўймоқда. Зеро, коррупцияга қарши курашиш – доимий жараён. Буни Президентимиз ҳам алоҳида таъкидлаб, олдимизда турган вазифаларни аниқ ва содда қилиб тушунтириб берди. Эндиликда барчамиз – парламент, ҳукумат, маҳаллий кенгашлар, жамоат ташкилотлари ва ОАВ бир бўлиб, белгилаб берилган вазифаларни ўз вақтида ва сифатли амалга оширишимиз, бефарқ бўлмасдан фаол ва ташаббускорликни кучайтиришимиз зарур.
Норгул Абдураимова,
Носир Ҳайдаров (сурат), ЎзА