Ислоҳотлар соҳа тараққиётини таъминламоқда

Қорақалпоғистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигида матбуот анжумани ўтказилди. Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси мактабгача ва мактаб таълими вазири Г.Кожабаева, вазирнинг биринчи ўринбосари А.Давлетбаев, Қ.Исмаилов, вазирликнинг бўлим бошлиқлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди. Тадбирда вазир Г.Кожабоева сўзга чиқиб, ўтган 2024 йил давомида таълим соҳасида амалга оширилган ислоҳотлар ҳақида маълумот берди.
Бугунги кунда Қорақалпоғистон Республикаси бўйича 1 874 та мактабгача таълим ташкилотлари мавжуд бўлиб, шундан 482 та давлат, 106 та давлат-хусусий шериклик асосида, 17 та хусусий ҳамда 1 269 та оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари ва умумий ўрта таълим мактаблари жами 772 та бўлиб, шундан 1 та Президент мактаби, 1 та ижод мактаби, 18 та ихтисослаштирилган мактаб, 726 та умумий таълим мактаби ҳамда 8 та хусусий мактаб ва 18 та Баркамол авлод болалар мактаби фаолият юритмоқда.
Қорақалпоғистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг ташаббуси ва Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг қўллаб-қувватлаши натижасида таълим соҳасида қатор ислоҳотлар амалга оширилди. Хусусан, Қорақалпоғистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги делегацияси Англиянинг Кембриж университетига ташриф буюриб, халқаро тан олинган Кембриж таълим дастурини жорий этиш бўйича меморандум имзоланди.
Ўзбекистон Республикаси умумтаълим мактаблари ўртасида биринчи маротаба Нукус шаҳридаги 46-сон мактабга халқаро тан олинган Кембриж таълим дастури асосида ўқитиш тизими жорий этилди. Умумий ўрта таълим мактаби ўқувчилари ўртасида Қорақалпоғистон телеканали билан ҳамкорликда «Билимлар мусобақаси» интеллектуал телеўйинини ўтказиш йўлга қўйилди. Ғолиб ўқувчилар Дубай шаҳрига таълим сафарига юборилди.
Ўзбекистон Республикаси таълим тизимида илк бор Амударё туманидаги барча мактабларда Қорақалпоғистон тажрибаси сифатида онлайн таълим сифати мониторинги ўтказилди.
Таълим сифати паст бўлган мактаблар билан ишлаш тизимини янада такомиллаштириш бўйича «Қорақалпоғистон тажрибаси» сифатида «Методик тур» лойиҳаси доирасида республика семинари ташкил этилди. Қорақалпоғистон таълим тизимида илк бор Фан олимпиадасининг Ўзбекистон Республикаси босқичи Нукус шаҳрида муваффақиятли ўтказилди. Қорақалпоғистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг kkbilimdiruv.uz Таълим платформаси вазирлик ҳузуридаги 85 резиденти билан биргаликда ишга туширилди.
Фан олимпиадасининг Ўзбекистон Республикаси босқичида ғолиб бўлган ўқувчилар устозлари билан бирга Дубай шаҳрига таълим сафарига юборилди. Ўзбекистон Республикаси таълим тизимида илк бор «Қорақалпоғистон тажрибаси» сифатида «Касбий таълимни ривожлантириш куни» жорий этилди. Жамоатчилик асосида «Ижодкор ўқитувчилар олимпиадаси» ташкил этилди. Умумтаълим мактабларидаги мутахассис ва иккинчи тоифали ўқитувчиларни педагог кадрлар аттестациясига манзилли тайёрлаш тизими жорий этилди.
Анжуманда бу йилги ўқув учун вазирлик томонидан амалга ошириладиган ишлар, режалар ҳақида ҳам маълумот берилди.
Тадбирда оммавий ахборот воситалари вакиллари томонидан саволлар берилиб, мутасаддилар томонидан тегишли жавоблар олинди. Учраётган камчиликлар, муаммолар ҳақида сўз юритилиб, уларни бартараф этиш бўйича фикрлар билдирилиб, келгусида бу масалалар кўриб чиқилиши таъкидланди. Шу билан бирга, яқин орада соҳада амалга оширилиши кутилаётган янгиликлар ҳақида ҳам сўз юритилди.

Соҳа ривожига қаратилган ислоҳотлар давом этмоқда.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги