Улоқ-кўпари: Халқаро турнирга тайёргарлик масалалари муҳокама қилинди
Баҳорнинг эшик қоқиб келиши, Наврўз шодиёналари билан ҳамоҳангки, ушбу улуғ фаслнинг руҳи ва фалсафаси кишида яратувчанлик, бутун борлиқни, табиатни эъзозлаш, она заминни асраб-авайлаш ҳисларини қалбга жо этади.
Давлатимиз раҳбари томонидан имзоланган “2025 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарорида белгиланганидек, бу мунаввар айём Ватанимизда амалга оширилаётган «Инсон қадри учун, инсон бахти учун», деган олийжаноб ғояга ҳамоҳанг бўлиб, том маънода умумхалқ байрамига айланди.

Бу йилги баҳор ва яшариш айёми мамлакатимизда «Қадриятларинг боқий бўлсин, Наврўз!» деган бош ғоя асосида умумхалқ сайиллари шаклида юқори савияда кенг нишонланиши назарда тутилган.
Шу мақсадда, жорий йилнинг 24-26 март кунлари гуллар маскани саналган Наманган вилоятида от спортининг улоқ кўпкари йўналишида халқаро турнир ўтказилиши режалаштирилмоқда.

Спорт вазирлигида Миллий гвардия қўмондонлиги, Ўзбекистон улоқ-кўпкари федерацияси, тегишли ташкилот ва вазирлик мутасаддилари, Наманган вилоят ҳокимлиги вакиллари иштирокида мазкур халқаро турнирни юқори савияда ўтказиш бўйича ташкилий қўмита йиғилиши ўтказилди.
Унда ҳар бир йўналишга масъул бўлган ташкилот ва вазирлик мутахассисларининг ҳисоботи тингланди.

Таъкидланганидек, Наврўз умумхалқ байрамига бағишланган халқаро турнирда Россия, Венгрия, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон давлатларидан улоқ-кўпкари жамоалари иштирок этиши кутилмоқда.
Йиғилиш давомида иштирокчи давлатларнинг спорт делегацияларини кутиб олиш, жойлаштириш, уларнинг хавфсизлиги ва саломатлигини таъминлаш, мусобақа ўтадиган майдонларнинг техник талабларини яна бир бор кўздан кечириш каби қатор масалалар муҳокама қилинди.
Билдирилган фикр-мулоҳазалар ва таклифлар асосида тегишли ташкилот вакилларига аниқ вазифалар юкланди.
Т.Рўзиев,
ЎзА