Имкониятлар кенгаймоқда

138

Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси масъул ходимлари томонидан ҳудудда фаолият юритаётган махсус иқтисодий зона иштирокчиси ҳисобланувчи тадбиркорлик субъектлари билан учрашув ташкил этилди.

Иштирокчиларга  Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 6 мартдаги “Махсус иқтисодий ва саноат зоналари фаолиятининг самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони мазмун-моҳияти тарғиб қилинди.

Хусусан, 2025 йил 1 июндан бошлаб махсус иқтисодий зоналар иштирокчилари томонидан маҳсулотларни ишлаб чиқариш ва экспортга реализация қилиш учун фойдаланадиган импорт хомашё, материал ва бутловчи қисмларни божхона тўловларини (божхона расмийлаштируви учун йиғимлар бундан мустасно) тўламаган ҳолда “товарларни божхона ҳудудида қайта ишлаш” божхона режимига жойлаштириш орқали уларни божхона расмийлаштирувидан ўтказиш амалиёти йўлга қўйилиши бўйича тушунчалар берилди.

Маълумот учун, бугунги кунда ҳудудда 11 та корхона махсус иқтисодий зона иштирокчиси ҳисобланиб, улар томонидан қиймати 225,5 миллион АҚШ долларига тенг лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Довуд Абибуллаев,

ЎзА мухбири