Нукус тумани «Қўтанкўл» МФЙда Қўтанкўл Маданият саройида халқ вакиллари билан «Ўзбекистон – умумий уйимиз,» «Биз бир эл ва бир Ватан фарзандларимиз!» шиори остида, шунингдек, 13 март яқин қариндошларимизнинг бири бўлган қозоқ биродарларимизнинг кўришиш байрами муносабати билан маданий-маърифий тадбир ўтказилди.

Тадбирда Дин ишлари бўйича қўмитанинг туман бош мутахассиси Д.Тауекелов, Маънавият ва маърифат маркази Н.Тоимбетов, «Нуроний» жамғармаси Ж.Қайпов, хотин-қизлар тарғибот гуруҳи С.Узакова, Қорақалпоғистон ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоир Р.Отарбаев, маънавий кўмакчилар Ҳ.Бердиева, С.Акназаров ва нуронийлар, маҳалла фаоллари иштирок этди.

Тадбирда ўқувчи ёшлар ва маҳалла вакиллари томонидан қардош миллатларнинг куй-қўшиқлари, рақслари, урф-одатларига бағишланган кўргазма ва саҳна кўринишлари, миллий либослар, миллий ҳунармандчилик маҳсулотлари ва миллий таомлар кўргазмалари ташкил этилди.

Шунингдек, тадбирда сўзга чиққанлар миллатлараро тотувлик ва ўзаро меҳр-оқибат муҳитини янада мустаҳкамлаш, турли миллат вакилларининг тили, маданияти, урф-одат ва анъаналарини сақлаш, ривожлантириш, мамлакатимизда турли миллат вакиллари ўртасида ўзаро ҳамжиҳатлик, ўсиб келаётган авлодни Ватанга садоқат, миллий қадриятларга ҳурмат, турли миллат ва эътиқод вакилларига бағрикенглик руҳида тарбиялаш ҳақида кенг тушунчалар берилди.

Тадбир якунида фаол иштирок этганларга фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари топширилди.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги