Коррупцияга қарши курашиш агентлиги бешта ташкилотда комплаенс назоратни амалга оширади

352

Коррупцияга қарши курашиш бўйича миллий кенгаш йиғилишида давлатимиз раҳбари тажриба тариқасида бешта ташкилот – Соғлиқни сақлаш, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги, Сув хўжалиги вазирликлари, «Ўзбекнефтгаз» ва «Ўзсувтаъминот» акциядорлик жамиятларининг комплаенс назоратини Коррупцияга қарши курашиш агентлигига ўтказиш топшириғини берди.

Жорий ҳафта мобайнида ушбу масала юзасидан Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Д.Раҳимов Соғлиқни сақлаш, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги, Сув хўжалиги вазирликлари, «Ўзсувтаъминот» раҳбарияти билан учрашувлар ўтказди.

Ушбу тадбирларда коррупция ва манфаатлар тўқнашуви ҳолатларига имкон бериб келаётган омиллар, коррупциянинг олдини олишда йўл қўйилаётган камчилик ва сусткашликлар, соҳаларда одамларни қийнаётган муаммо ва тўсиқлар яна бир бор танқидий кўриб чиқилди.

Шунингдек, тизимлардаги раҳбарлар ва ходимларнинг масъулиятини ошириш, инсон омили ва бюрократияни янада қисқартириш, ахборот технологияларини кенг жорий этиш борасида ҳамкорликдаги масалалар атрофлича муҳокама қилинди.

Учрашувлар якунида Президентимиз томонидан илгари сурилган ташаббус, вазифа ҳамда топшириқларнинг ижросини самарали таъминлаш бўйича амалга ошириладиган аниқ амалий чоралар белгилаб олинди.

Н.Абдураимова, ЎзА