Ҳунар – инсон зийнати

222

ФОТОРЕПОРТАЖ

“Фидокорона хизматлари учун” ордени ва “Шуҳрат” медали соҳибаси, Қорақалпоғистон Республикаси Шуманай туманидаги “Мунчоқли” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи гиламдўз Олтиной Навбетованинг ҳунармандчилик буюмлари нафақат юртимизда, балки қўшни давлатлар билан бирга Япония, Буюк Британия, Австралия, Жанубий Корея давлатларида ҳам маълум.

Шогирдлари билан туя ва қўй жунини қайта ишлаш орқали тайёрлаган турли кийим-кечакларга, миллий гиламларга, бежирим ва пишиқ пойабзалларга харидор кўп. Шунингдек, у ўтган йили Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси томонидан эълон қилинган танловда “Ҳунарманднинг қўли олтин” номли лойиҳаси билан иштирок этиб, 100 миллион сўм грант ютиб олди. Ушбу лойиҳа асосида кооперация ташкил этиб, айни пайтда ишсиз хотин-қизлар бандлигини таъминлашга эришди.

– Ҳунар – инсон зийнати, – дейди Олтиной Навбетова. – Мана, ҳунарим орқали қизларим, набираларим билан бирга оиламизга қўшимча даромад топяпмиз. Миллий ҳунармандчилигимиз унутилиб кетмаслиги учун шу кунгача юздан ортиқ шогирдлар тайёрладим. Ҳозирги вақтда шогирдларимнинг кўпчилиги ўзини ўзи банд қилиб, фаолият юритмоқда. Экологик тоза маҳсулотлар бўлган туя ва қўй жунидан тайёрланган буюмларга маҳаллий аҳоли билан бирга хориждан келадиган сайёҳларнинг ҳам қизиқиши юқори.

Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ(сурат),ЎзА