Элдор Шомуродов “Рома” учун борини берди
Футбол бўйича Европа лигасининг нимчорак финал босқичи жавоб баҳслари бўлиб ўтди.
“Атлетик Билбао“ – “Рома“ клублари ўртасидаги ўйин биз учун энг аҳамиятлиси бўлди. Гарчи “Рома” илк ўйинда “Атлетик”ни 2:1 ҳисобида мағлуб этган бўлса-да, жавоб ўйинида муваффақиятсизликка учради.

Ўйиннинг 11-дақиқасида “Рома” ҳимоячиси Матс Ҳуммелс қизил карточка олиб, майдонни тарк этди. Шундан кейин Нико Уильямс дублни расмийлаштирган бўлса, Юри Берчиче ўз ҳисобига битта гол ёздириб қўйди. 90+3-дақиқада Паредес пенальтидан ҳисобни қисқартирди.

Баҳсда Элдор Шомуродов 61-дақиқада захирадан ўйинга қўшилди. Майдонга тушиши билан “Атлетик” дарвозасига хавф солди. Элдорнинг зарбасини рақиб посбони қайтариб қолди. Жамоани жонлантиришга уринса-да, бироқ унинг ҳаракатлари ҳам вазиятни ўнглашга камлик қилди.
“Рома” фаолиятини ёритиб келаётган laroma24.it сайти бу тўқнашувда Элдор Шомуродов ҳаракатларини 6 баллга баҳолади.
Шу тариқа “Атлетик” икки ўйин натижасига кўра 4:3 ҳисобидаги ғалаба билан чорак финалга йўл олди.
Европа лигасининг 1/4 финал босқичида “Будё-Глимт” (Норвегия) — “Лацио” (Италия), “Тоттенхэм” (Англия) — “Айнтрахт” (Германия), “Рейнджерс” (Шотландия) — “Атлетик ”(Испания) ва “Лион” (Франция) — “Манчестер Юнайтед” (Англия) клублари ўртасидаги ўйинларга гувоҳ бўламиз.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА