Суперлига: Бугун 2-тур учрашувлари старт олади
Футбол бўйича Ўзбекистон Суперлигасининг иккинчи давра баҳслари бугун, 14 март куни старт олади. Ушбу турнинг илк кунида «Нефтчи» – «Қўқон-1912», «Бухоро» – «Қизилқум» жамоалари ўзаро рақобатлашади.
Шу ўринда 2-турдан ўрин олган «водий дербиси» мақомини олган “Нефтчи” ва “Қўқон-1912” клублари ўртасидаги ўйинга оид айрим маълумотларни эътиборингизга ҳавола этамиз.

Ушбу жамоалар шу кунга қадар миллий чемпионатимиз доирасида жами 30 марта ўзаро куч синашган. Учрашувларнинг 20 тасида фарғоналиклар ғалаба қозонган бўлса, 4 ўйинда дуранг натижа қайд этилган. Қўқон шаҳри жамоаси эса 6 та баҳсда зафар қучган. Умумий тўплар нисбати 73/39 “Нефтчи” фойдасига.

Ўтган ўйинларда “Нефтчи” жамоасининг энг йирик ғалабаси 6:1 бўлса, қўқонликлар 3:1 ҳисобида ғолиб бўлган. Жамоалар сўнгги бор 2022 йилда ўзаро тўқнаш келган.
Бугун “Истиқлол” стадионида учрашувни Илгиз Танташев бош ҳакам сифатида бошқаради. Унга қанотларда Тимур Гайнуллин ва Аваз Абдуллаев ёрдам берса, захира ҳаками сифатида Алишер Тўхтасинов фаолият олиб боради. Баҳс маҳаллий вақт билан соат 19:30 да бошланади.

Миллий чемпионатимизда эртага, 15 март куни «Шўртан» – «Бунёдкор», «Динамо» – «Машъал», «Андижон» – «Насаф», 16 март куни эса «Сўғдиёна» – «Навбаҳор», «Сурхон» – «Хоразм» ва ОКМК – «Пахтакор» жамоалари рақобатига гувоҳ бўламиз.
Маълумот ўрнида: Суперлиганинг биринчи тур якунларига кўра, ОКМК, “Насаф“, “Қизилқум“ ва “Хоразм“ мавсумни ғалаба билан бошлади ва 3 очкога эга бўлди. “Қўқон 1912”, “Андижон“, “Бунёдкор“, “Нефтчи“, “Навбаҳор“ ва “Динамо“ жамоалари эса ўз ҳисобига бир очкони ёзиб қўйган бўлса, “Бухоро“, “Сурхон“, “Сўғдиёна“ ҳамда “Шўртан“ клублари мағлубиятдан сўнг лиганинг қуйи поғоналарига жойлашди.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА