Хайрия тадбирлари давом этмоқда

332

Қорақалпоғистон Республикасида давлатимиз раҳбарининг “Муборак Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш доирасида “Рамазон – саховат, бирдамлик ва бағрикенглик ойи” ғояси асосида кенг кўламли хайрия тадбирлари ўтказилмоқда.

Жумладан, эҳтиёжманд ҳамда илм-маърифат йўлида изланаётган ёшларга ёрдам бериш, оилавий ришталарни мустаҳкамлаш, ҳурмат ва меҳр-оқибат қадриятларини тараннум этиш, атроф-муҳитни асраш, муқаддас қадамжо, зиёратгоҳ ва  қабристонларни ободонлаштириш ишлари олиб борилмоқда. Шунингдек, ижтимоий ҳимояга муҳтож, ногиронлиги бўлган оилаларга, етим ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни ижтимоий ҳимоя қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Муборак Рамазон ойи муносабати билан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ҳамда “Вақф” хайрия жамоат фонди Қорақалпоғистон филиали томонидан етим ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болалар учун “Болаларга беринг дунёни” деб номланган хайрия тадбири ўтказилди. Саудия подшоҳлиги кўмак ва хайрия ишлари маркази томонидан юборилган бирламчи озиқ-овқат маҳсулотларидан иборат хайрия ёрдами 461 та кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож, боқувчисидан айрилган, ногиронлиги бўлган оилага тарқатилди.

Ушбу эзгу ташаббус “Вақф” хайрия жамоат фонди томонидан Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси билан ҳамкорликда ташкил этилди. Шунингдек, Туркиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси томонидан беғараз берилган озиқ-овқат маҳсулотлари жамланган Рамазон совғаси Оролбўйи ҳудудида яшовчи ижтимоий ҳимояга ва ёрдамга муҳтож 700 та оилага хайрия қилинди.

– Муборак Рамазон ойида бундай хайрия тадбирлари шаҳар ва туманларда ҳам давом этмоқда, – дейди “Вақф” хайрия жамоат фонди Қорақалпоғистон филиали раҳбари Исламбек Тажетдинов. – Яқин кунларда ногиронлиги бўлган, боқувчисини йўқотган, кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларга ифторлик дастурхони ёзиш хайрия тадбирини ўтказиш режалаштирилган.

Довуд Абибуллаев,

ЎзА мухбири