ЕИга аъзо бўлиш Туркиянинг стратегик мақсади

Европа Иттифоқига тўлақонли аъзолик Анқара учун стратегик мақсад бўлиб қолмоқда, деди Президент Режеп Таййип Эрдоған. Аввалроқ у Украинадаги вазият асносида ЕИ сўнгги пайт хавфсизликка оид жиддий муаммога дуч келганини таъкидлаганди.
– Бугун Польшанинг Кенгашдаги раислиги доирасида Туркия ва ЕИ муносабати, шунингдек бошқа долзарб минтақавий ва глобал масалаларни муҳокама қилдик, – деди Туркия раҳбари Польша Бош вазири Дональд Туск билан музокара якуни бўйича ўтказилган матбуот анжуманида. – Ҳар гал Иттифоққа тўлақонли аъзолик стратегик мақсадимиз эканини таъкидлаб келамиз. Суҳбатдошларимиз билан ўзаро манфаат ва ҳурмат асосида ҳамкорликни ривожлантириш истагимизни кўп муҳокама қиламиз. ЕИ ўз қудрати ва юксак мавқеини сақлаб қолишга фақат Туркиянинг тўла ҳуқуқли аъзолиги орқали эришиши мумкин.
Биз ЕИ билан виза режимини соддалаштириш юзасидан 66 мезон бўйича ишни якунладик, яна 6 банд қолди, деганди ушбу мамлакат ташқи ишлар вазири Ҳоқон Фидан аввалроқ. Унинг сўзларига кўра, визани либераллаштиришга ҳали эришилгани йўқ, Анқара турк фуқаролари Шенген визасини олиш жараёнида дуч келаётган тўсиқларни бартараф этиш бўйича ишни давом эттирмоқда.
Туркия 1963 йил Европа Иттифоқи – ўша пайтдаги Европа Иқтисодий ҳамжамияти билан ассоциация шартномасини имзолаган, 1987 йил аъзолик учун ариза берган. Тегишли музокара эса фақат 2005 йилга келибгина бошланган ва келишмовчилик туфайли бир неча бор тўхтатилган. Айни чоғ ҳужжатнинг 35 бобидан 16 таси келишилмаган.
С.Раҳимов, ЎзА