Лойиҳалар жойига чиққан ҳолда ўрганилди
Бош прокурор ўринбосари Д.Касимов раҳбарлигидаги ишчи гуруҳ томонидан Қорақалпоғистон Республикасида кимё саноати соҳасида хорижий инвестиция иштирокида амалга оширилаётган йирик лойиҳаларнинг жорий ҳолати жойига чиққан ҳолда ўрганилди.
Хусусан, Қўнғирот туманидаги “Қўнғирот сода заводи” масъулияти чекланган жамият томонидан амалга оширилаётган қиймати 238 миллион АҚШ долларлик “Сода ишлаб чиқариш қувватини кенгайтириш ва бошқа турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ташкил этиш” лойиҳаси билан бевосита инвесторлар иштирокида танишилди.

Таъкидлаш лозим, инвестицияларни ўзлаштириш ҳисобига корхонада келгусида 250 нафардан ортиқ маҳаллий аҳоли доимий иш билан таъминланиши ҳамда йилига 250 минг тонна сода ва бошқа турдаги маҳсулот ишлаб чиқарилиши режалаштирилган. Ўрганишда масъулларга лойиҳа доирасида амалга оширилаётган қурилиш ишларини жадаллаштириш бўйича топшириқлар берилди.

Бундан ташқари, Кегейли туманидаги қиймати 6,3 миллион АҚШ долларлик “Кегейли барака наслли парранда” хусусий корхонасининг “Паррандачиликни ташкил этиш” ва “Lanko miya” хусусий корхонасининг “Қурилиш маҳсулотларини ишлаб чиқариш” лойиҳалари жойига чиққан ҳолда ўрганилди.
Ўрганиш давомида ушбу корхоналар фаолиятида коммуникация тармоғини тортиш, маҳсулотлар учун мувофиқлик сертификатлари олиш ҳамда бошқа масалаларга оид муаммолар мавжудлиги аниқланди. Ушбу муаммоларни тез фурсатда қонуний ҳал этилиши юзасидан мутасадди идора вакилларига топшириқ берилиб, ижроси назоратга олинди.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири