Самарали учрашув

183

Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети Нукус филиалида 15-март Бутунжаҳон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш куни муносабати билан учрашув ўтказилди.

Унда филиал раҳбарияти, Қорақалпоғистон рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси, Қорақалпоғистон  истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси вакиллари, профессор ҳамда талаба ёшлар иштирок этди.

Тадбирнинг асосий мақсади, истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва молиявий саводхонликни оширишдан иборат. Шунинг учун ҳам ушбу тадбирнинг аҳамияти, айниқса, талабалар учун катта. Чунки молиявий саводхонликни юқори даражада эгаллаш уларнинг келажакда иқтисодий қарорлар қабул қилишда тўғри ёндашувни шакллантиришга ёрдам беради. Мутахассислар молиявий эркинликка эришиш учун зарур билимга эга бўлишнинг аҳамиятини таъкидлашди.

Сўзга чиққанлар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг қонуний асосларини, шунингдек, молиявий хизматлар ва маҳсулотлар бўйича тўғри танлов қилишнинг аҳамиятига тўхталди. Ўз навбатида талабалар ҳам молиявий саводхонликни оширишга қаратилган дастурларни янада такомиллаштириш, бу борада кўпроқ ўзаро тажриба алмашиш зарурлигини билдирди.

Довуд Абибуллаев,

ЎзА мухбири