Юксак эътироф катта масъулият юклайди
Ўзларининг иқтидори, муҳим ғоя ва ташаббуслари, ибратли амалий ишлари ва эришган ютуқлари билан ёшларга ўрнак бўлиб келаётган, Ватанимиз равнақи йўлида бор куч-ғайрати, замонавий билим ва малакаси, маънавий-интеллектуал салоҳиятини намоён этаётган қизларимиздан бир гуруҳи яқинда Зулфия номидаги Давлат мукофоти билан тақдирланди.
Улар орасида Тошкент ахборот технологиялари университети Нукус филиали компьютер инжиниринги мутахассислиги бўйича 1-босқич магистранти Бийбиназ Туремуратова ҳамда Олимпия ва миллий спорт турлари бўйича Нукус олий спорт маҳорати мактабининг бадиий гимнастика бўйича мураббийси Шаҳзода Ибрагимова ҳам бор.
Бийбиназ Туремуратова 2003 йил 28 август куни Хўжайли туманида туғилган. У ўзининг аъло баҳоларга ўқиши, тиришқоқлиги, меҳнатсеварлиги ва ўзига юклатилган вазифаларга масъулият билан ёндашиши билан тенгдошларидан ажралиб туради. 2024 йил “Data soft academy” масъулияти чекланган жамиятга асос солди ва ҳозирги кунда унинг раҳбари сифатида фаолият юритмоқда.

Бугунги кунда унинг республика ва халқаро илмий-амалий журналларда 20 дан ортиқ илмий мақоласи чоп этилган. 2021-2023 йиллар давомида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги интеллектуал мулк агентлиги томонидан дастурий таъминотлар ишлаб чиққанлиги учун 11 та гувоҳнома берилган. 2021-2022 ўқув йилида Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари ва коммуникацияларни ривожлантириш вазирлиги стипендияси, Ўзбекистон Республикаси бакалавриат учун таъсис этилган Ислом Каримов номидаги давлат стипендияси, 2023 йил Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат стипендияси соҳибаси бўлди.
2023 йил Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан ўтказилган “Бўлажак олим” танлови доирасида “Start 4 region” илмий ғоялар танловида ғолиб деб топилганлиги учун 39 миллион 400 минг сўм миқдорида грант ютиб олди. Шунингдек, 2023 йили “Coursera” платформасининг халқаро Python 3, Programming ва Advanced App Development in Android IT сертификатларига эга бўлди. Бир қатор дастурлаш курсларини, USAIDнинг “WSpark Woman in Tech” ўқув дастурини муваффақиятли тамомлаб, Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан “Technoways” технологик ривожланиш марафонида “Дастурий таъминот” йўналиши ғолиби бўлди.
2024 йил Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг “Инновацион ғоялар етакчиси”, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг “Умид учқуни” кўкрак нишонлари, ёшларга оид давлат сиёсати доирасида ўтказилиб келинаётган тадбирларни амалга оширишда фаоллиги учун Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг ташаккурномаси билан тақдирланди.
Халқаро спорт устаси, Олимпиада ўйинлари иштирокчиси Шаҳзода Ибрагимова 2002 йил 24 ноябрь куни Нукус шаҳрида туғилган. Спорт йўналишида бадиий гимнастика тури билан 2011 йилдан буён шуғулланиб келмоқда. 2019 йилдан Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоси ҳисобланади. 2019 йилдан Ўзбекистон спорт устаси, 2021 йилдан халқаро спорт устаси.

2022 йил Ўзбекистон бадиий гимнастика федерацияси томонидан ўтказилган Жаҳон кубогида иккинчи, Таиланднинг Паттая шаҳрида ўтказилган Осиё чемпионатида якка тартибда биринчи, ушбу Осиё чемпионатида жамоавий тартибда биринчи ўринларни қўлга киритди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси спорт вазирлиги томонидан катталар ўртасида ўтказилган Ўзбекистон чемпионатида гуруҳ чиқиш дастури бўйича биринчи, Филиппин гимнастика ассоциацияси томонидан Манила шаҳрида катталар ўртасида ўтказилган Осиё чемпионатида биринчи, Ўзбекистон гимнастика федерацияси томонидан ўтказилган чемпионатда биринчи, Миср гимнастика федерацияси томонидан ўтказилган Фиръавн кубогида биринчи ўринларни қўлга киритди. Бундан ташқари, 2024 йил Германия давлатида ўтказилган халқаро турнирнинг финал босқичида учинчи, Париж шаҳрида ўтказилган XXXIII ёзги олимпиада ўйинлари финал босқичида саккизинчи ўринларни эгаллади.
Оролбўйининг чекка ҳудудларида бадиий гимнастика спортини янада ривожлантириш мақсадида Ўзбекистон жисмоний тарбия ва спорт университети Нукус филиали ташаббуси билан Нукус туманидаги 19-сонли умумтаълим мактабида “Шаҳзода Ибрагимова спорт маҳорати тўгараги” ташкил этилди. Бугунги кунда янгидан ташкил этилган тўгаракка бадиий гимнастика спортига қизиқувчи 50 нафардан зиёд ўқувчи аъзо бўлган.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири