Бўш иш ўринлари меҳнат ярмаркаси ўтказилди
Қорақалпоғистон Республикаси Чимбой тумани прокуратураси, Мажбурий ижро бюроси, Камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлими билан ҳамкорликда ҳудуддаги ишсиз фуқароларни, шу жумладан вақтинча ишсиз бўлган алимент тўловчи шахсларни иш билан таъминлаш мақсадида бўш иш ўринлари меҳнат ярмаркаси мунтазам равишда ўтказиб келинмоқда.
Ана шундай тадбирлардан бири Чимбой туманидаги “Ипак йўли” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган 8-сонли Болалар мусиқа ва санъат мактаби биносида ташкил этилди. Унда олий ўқув юртлари, коллеж ва лицей битирувчи ёшлари, шунингдек, ишсиз бўлган жами 70 нафардан зиёд фуқаро иштирок этди.
Меҳнат ярмаркасига тумандаги 60 та муассаса, корхона ва тадбиркорлик субъекти ўзларидаги мавжуд 126 та бўш иш ўрни билан иштирок этди. Тадбир давомида 10 нафар фуқаро доимий ишга жойлаштирилган бўлса, 9 нафар фуқарога касбга қайта тайёрлаш курсларига йўлланма берилди. 27 нафари меҳнат муносабатларига оид соҳалар бўйича ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислардан тегишли жавоб олди.

Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири