100 ёшли табаррук онахон ҳолидан хабар олинди
Юртимизда муборак Рамазон ойида ҳамда Наврўз умумхалқ байрами арафасида табаррук отахон ва онахонларга юксак ҳурмат кўрсатилмоқда.
Қорақалпоғистон Республикаси Элликқалъа тумани ҳокими В.Ниязимбетов “Қашқўра” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи 100 ёшли онахон Тўхта Кенжаева хонадонига ташриф буюрди. Табаррук онахонни умумхалқ Наврўз байрами ҳамда муборак Рамазон ойи билан муборакбод этди. Унга Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг “Ардоқли нуроний” кўкрак нишони ҳамда совғалар топширилди.

Қувонч билан қўлларини дуога очган Тўхта момо “Илоҳим, юртимиз доим тинч, ҳаётимиз фаровон, Президентимиз омон бўлсин. Деҳқон ва боғбонларимизнинг эзгу ниятлари ижобат бўлсин. Дастурхонимиз тўкин, қалбимиз бутун бўлсин. Барчага янги ислоҳотларни амалга оширишида куч-ғайрат ёр бўлсин”, дея ният билдирди.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири