“Ақлвой” автобус: ўқув дарслари бошланди
Яқинда Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан ташкил этилган автобус Қорақалпоғистон Республикаси Педагогик маҳорат маркази учун ҳам ажратилиб, ушбу мобил малака ошириш хизматлари Оролбўйининг чекка ҳудудларида жойлашган мактабгача таълим ташкилотларининг педагог кадрлари учун ўз ишини бошлаб юборди.
Мобил малака ошириш хизматлари кўрсатиладиган автобус бир вақтнинг ўзида 14 нафар педагогга дарс ўтиш учун ўқув жойи, 10 NR русумли ноутбук, 1 дона 65 дюмли интерактив монитор, ёзув доскаси, 1 та интернет тарқатувчи қурилма WI FI роутер билан қайта жиҳозланган. Ушбу автобусдан олис ва чекка ҳудудларда яшовчи давлат ва хусусий мактабгача таълим ташкилотлари педагог кадрлари учун мобил малака ошириш хизматларини кўрсатиш, яъни узлуксиз касбий ривожлантиришни (“методик маҳорат куни” ва “методик маҳорат дарси”) тегишли ҳудудларга борган ҳолда ўтказиш, тренинг, семинар ва бошқа тадбирларни ташкил этиш мақсадида фойдаланилади.

Жумладан, махсус автобус Нукус шаҳрига узоқ “Қаратаў” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган 44-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотига бориб, бу ердаги педагогларга ўзлари яшайдиган ва ишлайдиган жойларидан узоқлашмаган ҳолда узлуксиз касбий ривожланиши, билимларини янгилаши учун имконият яратилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 30 сентябрдаги “Мактабгача таълим сифати ва самарадорлигини янада ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ҳамда Мактабгача ва мактаб таълими вазирининг жорий йил 19 февралдаги махсус буйруғи ижросини таъминлаш мақсадида ўқув дастури ишлаб чиқилган. Унда турли мавзулар ўрин олган бўлиб, масалан, “Гўзал баҳор”, болаларнинг эрта ёшдан расм чизиши, унда қўлланиладиган усул ва технологиялар ҳақида тушунча бериш, “Мавсумий ўзгаришлар” мавзусида соҳалар асосида мақсадларни белгилаш, уларни амалга ошириш усуллари, технологиялари, таълим фаолиятида фойдаланиладиган кўргазмали ва тарқатма воситалар, “Халқ манбалари” мавзусида болаларни миллий қадриятлар, анъаналар асосида ривожлантиришнинг самарали усулларини ўргатиш ва бошқа шу каби долзарб вазифалар белгиланган.

– Мобил малака ошириш курсида шу мавзу ва йўналишларда тегишли дарслар ўтилади, – дейди Мактабгача бошланғич ва махсус таълим методикалари кафедраси мудири Байрамбай Утемуратов. – Бу эса олис аҳоли пунктларидаги мактабгача таълим ташкилотида ишлаётган хотин-қизларнинг Нукус шаҳрига овора бўлмасдан, ўзлари истиқомат қиладиган ҳудудда малакаларини ошириш имконини беради.
Таъкидлаш жоизки, жорий йилнинг март-июнь ойлари мобайнида Бўзатов туманининг “Аспантай”, Қўнғирот туманининг “Қорақалпоғистон”, “Қирққиз”, “Жаслиқ”, Мўйноқ туманининг “Қозоқдарё”, “Ҳоким ота”, Тахтакўпир туманининг “Қоструба”, Тўрткўл туманининг “Оққамиш”, Элликқалъа туманининг “Шуқурқоқ” каби энг чекка ҳудудларида ҳам мобил малака ошириш хизматларини ташкил этиш режалаштирилган.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири