“Яшил макон” умуммиллий лойиҳасига старт берилди
Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасидаги кенг кўламли тадбирларга старт берилди.
Ушбу ташаббус асосида олий ўқув юрти жамоаси ва талаба-ёшлар атроф-муҳитни янада ободонлаштириш, экологик муҳитни яхшилаш мақсадида бирлашди. Тадбир университет ректори, академик А.Реймов раҳбарлигида ташкил этилиб, барча иштирокчилар ўз фидойилиги ва эзгу ниятлари билан кўчат экиш жараёнида фаол иштирок этди.

“Яшил макон” лойиҳаси бутун мамлакат бўйлаб амалга оширилаётган муҳим ташаббуслардан бири бўлиб, унинг асосий мақсади атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, яшил майдонларни кенгайтириш ва экологик маданиятни юксалтиришдан иборат. Шу муносабат билан Қорақалпоқ давлат университети ҳам ушбу эзгу ҳаракатга ўз ҳиссасини қўшиш мақсадида ёшларни табиатга меҳр-муҳаббат руҳида тарбиялашга алоҳида эътибор қаратмоқда. Тадбир давомида университет жамоаси томонидан турли манзарали ва мевали кўчатлар экилди. Иштирокчилар бу жараёнда ўз билим ва тажрибалари билан ўртоқлашиб, экологик муҳитни яхшилаш бўйича фикр алмашди. Сўзга чиққанлар табиатга ғамхўрлик қилиш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масаласининг долзарблигини таъкидлаб, профессор-ўқитувчилар, талаба-ёшларни бундай ташаббусларда фаол иштирок этишга чақирди.
Олий ўқув юрти томонидан ташкил этилган ушбу тадбир лойиҳа доирасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишларнинг навбатдаги босқичи бўлиб, келгусида ҳам шундай эзгу ишларни давом эттириш режалаштирилган. Жамоа ва талабаларнинг саъй-ҳаракатлари билан экилган ҳар бир ниҳол келажак авлодлар учун тоза ҳаво, соя-салқин берадиган маскан ва табиатга яқин муҳит яратишда муҳим ўрин тутади.

Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири