“Обод ва хавфсиз маҳалла”: аҳоли тинчлиги юрт тинчлиги демакдир

Нукус “Темурбеклар мактаби” ҳарбий-академик лицейида Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар органларида 2024 йил давомида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича амалга оширилган ишлар юзасидан оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда блогерлар иштирокида матбуот анжумани ўтказилди.
Унда Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазири, полковник Бахтияр Торебеков ўтган йил давомида амалга оширилган ишлар ҳақида маълумот берди.
Таъкидланганидек, жиноятчиликнинг олдини олиш мақсадида янги тизим “Обод ва хавфсиз маҳалла” тамойили асосида махсус профилактик тадбирлар ўтказилиб, Ички ишлар органлари ходимлари томонидан 22 мингдан ортиқ объект ва 391 минг 565 та хонадон ўрганиб чиқилди. Профилактика инспекторлари томонидан 23 мингдан ортиқ ҳуқуқбузарлик содир этишга мойил ва ундан жабрланиш эҳтимоли юқори бўлган шахслар аниқланди. Улар бўйича хулосалар тегишлилиги бўйича маҳалла еттилиги вакилларига тақдим етилди.
Жумладан, 14 минг 817 нафар шахснинг муаммолари ижобий ҳал этилди. Жиноят учун жазонинг оғирлигини таъминлаш мақсадида қидирувда бўлган 313 нафар шахс ушланиб, тергов органларига топширилди. Шунингдек, бедарак йўқолган 25 нафар шахснинг охирги манзили аниқланиб, уйларига қайтарилди. Олиб борилган тушунтириш ишлари натижасида фуқаролар томонидан 329 дона ов қуроли ўз аризасига асосан Ички ишлар бўлимларига топширилди.
Амалга оширилган профилактик тадбирлар натижасида жами 174 та фуқаролар йиғинида бирорта ҳам жиноят содир этилмади, 216 та фуқаролар йиғинида жиноятлар камайишига эришилди. Ҳуқуқбузарлик содир этган 105 минг нафардан ортиқ шахсга нисбатан маъмурий чора кўрилди.
Алоҳида тоифадаги шахслар билан якка тартибдаги профилактик ишлар олиб борилди. Хусусан, cоғлиқни сақлаш муассасаларида ҳисобда турган, ичкиликка берилган 260 нафар, гиёҳвандликка берилган 48 нафар шахс ва жамият учун хавфли бўлган 44 нафар руҳий бемор мажбурий даволанишга ётқизилди. Шу билан бирга, ичкиликка берилган 1 минг 191 шахс ихтиёрий равишда даволанишга ётқизилиб, тузалиш йўлига ўтишига яқиндан ёрдам кўрсатилди. Тазйиқ ва зўравонликка учраган 3 минг 253 нафар хотин-қизга ҳимоя ордери берилди.
Бундан ташқари, миллионлаб инсонлар бутун дунёда глобал муаммога айланиб бораётган кибержиноятчи фирибгарларга алданиб, катта миқдорда молиявий зарар кўрган. Айниқса, ушбу соҳа ривожланиб боргани сари ундан фойдаланувчилар ҳам кўпайиб бормоқда. Ўтган йили содир этилган жиноятларда жабрланган шахсларнинг 80 фоиздан ортиғини ёшлар ташкил этади. Ушбу жиноятлар оқибатида жабрланган фуқароларга 12 миллиард сўмдан ортиқ зарар етказилган.
Матбуот анжуманида журналист ва блогерлар ўзларини қизиқтирган саволларга Ички ишлар вазири ва вазирликнинг тегишли хизмат соҳаси раҳбарларидан жавоб олди.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА