Оролбўйи хотин-қизларига эҳтиром кўрсатилди
Нукус шаҳридаги Оққуш мажмуасида 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан байрам тадбири бўлиб ўтди.
Унда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси РаисиАманбай Оринбаев сўзга чиқиб, йиғилганларни байрам билан муборакбод этди.
Таъкидланганидек, бу байрам уйғониш фасли, меҳр-оқибат вамуҳаббат, нафосат тимсоли бўлган аёлларга бўлган алоҳидаҳурмат-эътиборни ўзида мужассамэтади. Зеро, биз гўзаллик ва меҳр-оқибатнинг энг юксак фазилатини муқаддас оналаримиз ва мўътабар аёлларимиз тимсолида кўрамиз. Айниқса, Президентимизнинг азиз оналаримиз ва опа-сингилларимизга қарата айтган “Сизлар билан ҳаётимиз гўзал ва мазмунли, хонадонларимиз обод ва нурафшондир”, деган сўзлари нақадар ҳаётий ҳақиқат эканини барчамиз чуқур англаймиз.
Дарҳақиқат, аёллар тимсолида инсониятнинг энг юксак фазилатларини ўзида мужассам этган, гўзалликнинг энг ажойиб намуналарини ва ҳаёт нафосатини, келажакка ишончни кўрамиз. Шуни алоҳида таъкидлашимиз лозим, юртимизда хотин-қизларимизни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилгани – уларга бўлган чексиз ғамхўрлик, юксак ишонч ва эътиборнинг ифодасидир.
Бу борада қабул қилинаётган фармон ва қарорлар асосида аёлларимизни қадрлаш, уларнинг ижтимоий-сиёсий ва социал фаоллигини ошириш, ҳар томонлама қўллаб-қувватлашдек эзгу ишларни янги босқичга кўтармоқда. Бунга мисол сифатида айтадиган бўлсак, ўтган йилнинг ўзида “Аёллар дафтари”га киритилган 56 минг нафардан ортиқ хотин-қизни қўллаб-қувватлаш учун жами 64,3 миллиард сўмлик амалий ёрдам кўрсатилди. 18 минг нафардан ортиқ хотин-қиз учун доимий иш ўрни яратилиб, 9 минг нафардан зиёд хотин-қиз жамоат ишларига жалб этилди. Бундан ташқари, 17 минг нафарга яқин хотин-қиз касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитилди, 19 минг нафарга яқин тадбиркор аёлга 255 миллиард сўмлик имтиёзли кредит ажратилди. Ўзини ўзи банд қилган 3 минг нафардан ортиқ хотин-қизга зарур асбоб-ускуна учун 21 миллиард сўмлик субсидия ажратилиб, 391 нафар хотин-қиз уй-жой билан таъминланди.
Сўнгги йилларда, юртимизда бўлажак оналар, келажак тарбиячилари бўлган қизларимизнинг камол топишига, уларнинг олий таълим олиши, замонавий касб-ҳунар ва замонавий технологияларни, хорижий тилларни эгаллашга катта аҳамият берилмоқда. Хусусан олий ва ўрта махсус ўқув юртларидаги 14 минг нафардан ортиқ хотин-қизга 128 миллиард сўмлик таълим кредити ажратилиб, ижтимоий ҳимояга муҳтож 150 нафар талаба хотин-қизнинг 1,2 миллиард сўмлик контракт маблағи тўлаб берилди. Шунингдек, олий ўқув юртларига 108 нафар хотин-қиз имтиёзли грант асосида ва 5 йиллик стажга эга 33 нафар хотин-қиз тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилинди.
Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Президиуми қарори билан юртимиз мустақиллигини мустаҳкамлаш, унинг ижтимоий-иқтисодий салоҳиятини юксалтиришга қўшган ҳиссаси ҳамда ёш авлодни Ватанга садоқат, умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялашдаги хизмати учун фаол хотин-қизларга фахрий унвонлар, “Ардоқли нуроний”, “Ибратли аёл”, “Ватан фидойиси”, “Умид учқуни”, Ўзбекистон Республикаси Оила ва хотин-қизлар қўмитасининг “Мўътабар аёл” кўкрак нишонлари, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ҳамда Вазирлар Кенгашининг “Фахрий ёрлиғи” топширилди.
– Мамлакатимизда хотин-қизларни ижтимоий ҳимоя қилишга алоҳида аҳамият берилмоқда, – дейди Тахиатош тумани “Найманкўл” овул фуқаролар йиғини хотин-қизлар фаоли, “Ватан фидойиси” кўкрак нишони соҳибаси Гулнора Нурлепесова. – Ўтган йили 170 нафар хотин-қиз “Аёллар дафтари”га киритилди. Шундан 15 нафар хотин-қизга субсидия асосида асбоб-ускуна олиб берилиб, 3 нафар аёл доимий иш жойига жойлаштирилди. Уч нафар хотин-қизга “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармаси” ҳисобидан даволаниш учун пул маблағи ўтказиб берилди. 43 нафар аёлга “Аёллар дафтари” жамғармасидан бир марталик моддий ёрдам кўрсатилди.
Тантанали тадбир санъат усталарининг концерт дастури билан давом этди.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА