“Раҳбар аёллар мактаби”: кенг имкониятлар яратилмоқда

150

Бугунги кунда мамлакатимизда хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, касбий  салоҳиятини юксалтириш, гендер  тенглигини таъминлаш, уларга муносиб турмуш ва меҳнат  шароитларини яратиш, ҳар бир жабҳада амалга оширилаётган ислоҳотлардаги иштирокини янада мустаҳкамлаш борасида тизимли  ишлар қилинмоқда.

Бу борада  Президентимизнинг  2022 йил 7 мартда  қабул қилинган “Оила ва хотин-қизларни тизимли қўллаб-қувватлашга доир ишларни янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги  фармони муҳим  дастуриламал бўлмоқда. Жумладан, фармон билан тасдиқланган комплекс чора-тадбирлар  дастурида  юқори касбий салоҳиятга  эга, ташаббускор  ислоҳотларда фаол  иштирок этувчи, ёш хотин-қизларни раҳбарлик лавозимига мақсадли тайёрлаш кўзда тутилган.

Ўтган 2024 йилнинг август-ноябрь ойлари давомида “Раҳбар  аёллар мактаби” дастурининг 4-мавсуми учун номзодларни  саралаш  босқичи ўтказилди. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги  давлат хизматини ривожлантириш агентлиги, Ўзбекистон Республикаси Оила ва хотин-қизлар қўмитаси, вазирлик ва идоралар, ҳудудий  ҳокимликлар  ташаббуси билан ўтказилган  мазкур  танловда жами 550  нафар  номзод орасидан  100  нафари танлаб  олинди.

– Иштирокчилар орасида мен ҳам лойиқ деб кўрилганим, албатта,  қалбимни фахрга тўлдирди, – дейди Хўжайли тумани 14-cонли мактаб директори, “Ватан фидоийси”, “Халқ таълими аълочиси” кўкрак  нишонлари  соҳибаси, халқ  депутатлари Хўжайли тумани Кенгаши  депутати Наргиза Примбетова. Дастур режасида биз тингловчилар аудитория машғулотлари, маҳорат дарслари, маҳаллий ҳокимликларда  амалиёт ўташ, лойиҳа ишларини тайёрлаш, уни ҳимоя қилиш каби муҳим  вазифаларни  бажардик. Ушбу  ўқув машғулотлари  республика,  вазирлик ва  идоралар  раҳбарлари томонидан  олиб  борилди.

Тарихни англаш ўзликни англаш демакдир. Шу ўринда ўтмишга  назар солсак. Шарқ халқларида азал-азалдан аёлга эъзоз-эҳтиром  кўрсатилган. Уларнинг  матонати, садоқати,  тадбирлиги, оила  ва давлат ишларидаги зукколиги, донолиги эътироф этилган. Тўмарис, Бибихоним,  Нодирабегим, Қумар оналарнинг донолиги, зукколиги, шижоати  бугунги  авлодлар учун беихтиёр буюк тарбия мактаби бўлмоқда. Бу улуғ зотларнинг ҳаёт йўли ҳар биримизнинг қалбимизда фахр-ифтихор  уйғотиб, Ватанга муҳаббат, садоқат, буюк ўтмишимизга, миллий қадриятларимизга нисбатан ҳурмат ҳиссини оширмоқда.

Халқ депутатлари Хўжайли  тумани Кенгаши  депутати сифатида  аҳоли билан ишлаш, уларнинг ҳаётий, зарур эҳтиёжлари, ечимини  кутаётган  муаммо ва масалаларни ижобий ҳал этишда мазкур ўқув  машғулотларида  олган билимларим, тажрибаларим ас қотади.

Хулоса ўрнида  айтмоқчиманки,  бугун шиддат билан  ўзгараётган, ривожланаётган давр ҳар биримиздан  янгича фикрлаш, замон  билан  ҳамнафас бўлишни  талаб этмоқда.  Шундай экан,  мазкур ўқув дастури  ҳам  жамиятимизда хотин-қизлар  имкониятларини  юзага чиқаришда  муҳим  аҳамият касб этади.

Довуд Абибуллаев,

ЎзА мухбири