Қорақалпоғистон Республикаси хабарлари – қисқа сатрларда

Нукус давлат педагогика институтида 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан “Баҳор маликаси” танлови бўлиб ўтди.
Физика-математика факультети талаба-қизлари иштирок этган танловда она ҳақида монолог ўқиш, саҳна кўриниши, баҳор фаслига мос салатлар тайёрлаш каби шартлар бўйича ўзаро мусобақалашиб, қобилият ва маҳоратларини намойиш этди.
Танлов якунида иштирокчиларга диплом ва совғалар топширилди.

***
Нукус шаҳридаги 1-сонли спорт мактабида байрам муносабати билан Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси бошқармасига қарашли муассаса ва ташкилотларда ишловчи хотин-қизлар ўртасида волейбол бўйича спорт мусобақа бўлиб ўтди.
“Бошқарма бошлиғи кубоги” учун ўтказилган мусобақада 250 нафардан зиёд ходима ғолиблик учун баҳслашди. Мусобақа якунида ғолиб жамоалар ташкилотчилар томонидан диплом, медал ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.

***
Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Қорақалпоғистон Республикаси Амударё тумани бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланиб келган шахс аниқланди.
Фуқаро Ф.А. хонадонида ўзбошимчалик билан электр тармоғига уланиб, 106,4 миллион сўмлик электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиб келганлиги маълум бўлди.

Мазкур ҳолат юзасидан ҳозирда тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Довуд абибуллаев, ЎзА мухбири